Калмаеги тўфони Филиппин марказида камида 66 нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Ҳодиса туфайли 26 киши бедарак йўқолган, уларнинг аксари кенг кўламли сув тошқини қурбонига айланиб, уйлар томида қолиб кетган.
Мамлакат фуқаро мудофааси бошқармаси хабар беришича, 49 фуқаро, асосан, тошқин натижасида сувга чўкиб кетган, бир неча одам кўчки ёки вайрона остида ҳалок бўлган.
Филиппин Қизил Хоч ташкилоти бош котиби Гвендолин Панг сўзларига кўра, Себу музофотидаги уйлар томидаги қутқарувга муҳтож одамлардан жуда кўп қўнғироқ қабул қилинган. Фавқулодда вазиятлар ходимлари хавфни камайтириш учун сув тошқини камайгунча саъй-ҳаракатни кечиктириб туриш кераклигини қўшимча қилган.
– Табиий офат оқибатини бартараф этиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик, – деди губернатор Памела Барикуатро “Associated Press” агентлигига телефон орқали. – Афсуски, кутилмаган ҳодисалар, масалан кўчки, тўсатдан босиб келган сув тошқини содир бўлди.
Кучли ёмғир йиллар давомида олиб борилган кончилик ишлари туфайли янада кучайиши мумкин. Бу яқин атрофдаги дарёлар қирғоғидан тошиб, кучли лойқаланишни ҳосил қилиши эҳтимоли ва ҳудудда тошқинни назорат қилиш лойиҳалари сустлиги билан боғлиқ.
Ҳарбийлар маълум қилишича, Калмаегидан зарар кўрганларга гуманитар ёрдам юки олиб бораётган Филиппин ҳаво кучлари вертолёти жанубий Агусан-дель-Сур музофотида ҳалокатга учраб, олти киши ҳаётдан кўз юмган.
М.Пирматова, ЎзА