“Arabnews” хабар беришича, Филиппин полицияси томонидан Маниладаги онлайн казинода ишлаш учун сотилган 1000 дан кўп одам қутқарилган.
Душанбага ўтар кечаси полиция пойтахтдаги биноларда ўтказган рейд натижасида Хитой, Вьетнам, Сингапур ва Малайзия фуқаролари ушланган. Полиция таъкидлашича, улар “онлайн ўйинда ёрдамчи” сифатида ишлаш учун ижтимоий тармоқ орқали эълон қилинган бўш иш ўринларига ариза топширган.
Осиё-Тинч океани минтақасида алданган, масалан, ёлғон крипто инвестицияни тарғиб қилишга мажбурланган инсонлар кўп учрайди. Шу боис кейинги пайтда одам савдоси қурбонлари томонидан амалга ошириладиган интернет фирибгарлиги туфайли халқаро хавотир кучайиб бормоқда.
Сешанба куни воқеа жойида бўлган Франция ахборот агентлиги журналистлари қароргоҳ ташқарисида полицияга қарашли икки автобус ва икки юк машинасини кўрган. Автомобиллар бинога кириши учун рухсат берилмаган.
Филиппин миллий полицияси кибер жиноятга қарши кураш гуруҳи вакили Мишель Сабино рейддан сўнг журналистларга “Бу одам савдоси билан боғлиқ дастлабки ҳолат, ҳамма нарса текширилади”, деди.
Расмийлар май ойида ҳам Филиппинда одам савдосига учраган, асирга олинган ва интернетда фирибгарлик қилишга мажбурланган Осиё давлатларининг мингдан зиёд фуқароси қутқарилганини билдирган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА