Филиалда янги диагностика-текширув бўлими очилди
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалининг моддий-техник имкониятлари янада яхшиланмоқда.
Чунки бу ерда 1,9 миллиард сўмдан зиёд маблағ эвазига янги диагностика-текширув бўлими биноси барпо этилиб, ангиограф, МРТ, МСКТ каби замонавий ташхис қурилмалари билан таъминланди.


Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров иштирок этди. Филиалда беморлар учун 260 та даволаш ҳамда 60 дан зиёд жонлантириш ўринлари яратилган. Илғор диагностика ва муолажа усуллари ўзлаштирилиши натижасида буйрак кўчириб ўтказиш, эндопротезлаш каби мураккаб амалиётлар шу ернинг ўзида бажарилмоқда.


Хусусан, шу йилнинг ўтган даврида бу ерда 17 минг нафар бемор даволанди, 5 мингга яқин жарроҳлик амалиётлар ўтказилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.