English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Филиал талабалари Ёшлар форумида иштирок этди
18:25 / 2023-06-17

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида "Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!" шиори остида бўлиб ўтган иккинчи республика Ёшлар форумида мазкур ўқув юртининг Нукус филиали талабалари ҳам фаол иштирок этди.

Ушбу форум доирасида  турли танловлар, спорт мусобақалари,  ёшлар ижод намуналари кўргазмалари, “Мунозара-дебат” ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари, шу билан бирга, битирувчи талабаларнинг тантанали битирув кечаси, “Ветеринар қасамёди” маросими ўтказилди.  

Филиал талаба ёшлари мазкур тадбирларда ўз истеъдодларини намоён қилди. Айниқса,  улар томонидан қорақалпоқ миллий рақсининг ижро этилиши кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди. Шунингдек,  талабалар “Мунозара-дебат” интеллектуал ўйинида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди ва диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.    

Университет ректори, профессор Худойназар Юнусов Нукусдан ташриф буюрган талабалар билан суҳбатлашди. Тантанали тақдирлаш маросимидан сўнг форум якуни бўйича гала-концерт ташкил этилди. Эстрадамизнинг таниқли вакиллари иштирокидаги ажойиб концерт дастури барчага хуш кайфият улашди.

Эртаси куни  университет биноси бўйлаб  экскурсия ташкил этилди. Филиал талабалари ўқув-лаборатория хоналари, ветеринария клиникаси билан яқиндан танишиб, бу ерда таҳсил олаётган талабаларга яратилган шароитлардан катта таассуротлар  олди.  

Ташрифнинг охирги кунида  филиал жамоаси  Регистон мажмуасига саёҳат қилди. Янги Ўзбекистон ёшларини эзгу мақсад йўлида бирлаштирган форумдаги иштирок ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига ташриф талабаларга бир олам завқ улашиши билан бирга қайноқ таассуротлар инъом этди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА