Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуаси павильонида Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) мундиалининг бош соврини – Жаҳон кубогини оммага таништириш бўйича “Trophy Tour” тадбири бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва 2006 йилги жаҳон чемпиони, Италия терма жамоасининг афсонавий футболчиси Марко Матерацси ҳамда бошқалар иштирок этди.
[gallery-27339]
Маълумот учун айтиб ўтиш жоизки, FIFA тақдим этган дастурга мувофиқ, мазкур маросим жорий йилнинг 3 январь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда бошланган бўлиб, Қора денгиз бўйларидаги давлатлар орқали жанубий Осиё мамлакатларидан ўтиб, Ўзбекистонга етиб келди. Эртага эса кубок ўз сафарини Европа давлатлари ва Жанубий Америка мамлакатлари томон давом эттиради. Мундиал бош соврини ер юзининг 75 та нуқтасида тўхташ жойини амалга оширади.
Ушбу FIFA Жаҳон чемпионати кубоги саёҳати футбол мухлисларига жаҳон футболи тарихига бевосита гувоҳ бўлиш ва сайёрамизнинг энг йирик спорт тадбирларидан бирининг иштирокчисига айланиш учун ноёб имконият яратади.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамроҳлигида ўтган бугунги маросимда юртимиз футбол ихлосмандлари вазни 6,175 килограмм оғирликдаги асл олтиндан ясалган кубокни яқиндан томоша қилиш ва эсдалик учун суратга тушиш имкониятига эга бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА