Маълумки, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг бир қатор Фармонлари эълон қилинди.
Унга кўра, Тошкент вилоятида ҳам турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, Янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти учун бир гуруҳ фаолларга давлат мукофотларини тантанали топшириш тадбири бўлиб ўтди.

Тошкент вилояти ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда юртдошларимизга давлат мукофотларини вилоят ҳокими Зойир Мирзаев топширди ва барча мукофотланганларни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлгани билан самимий табриклади.

Таъкидланганидек, охирги йиллар давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли Тошкент вилоятида ҳам кенг қамровли бунёдкорлик ишлар амалга оширилди. Йил сайин ҳудуднинг қурилиш, бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари жадал ривожланмоқда. Бунинг натижасида эса аҳолининг турмуш шароитлари яхшиланмоқда. Тадбиркорлик кенгайиб, камбағалликни қисқартиришга эришилмоқда. Айниқса, туризм вилоят иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айланди.

– Бу мукофот чин маънода вилоятимиздаги таълим соҳасида ишлаётган педагогларнинг самарали меҳнатига бўлган эътибор ва рағбатдир, – дейди Оққўрғон туманидаги 8-умумий ўрта таълим мактаби директори, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Низомиддин Ботиров. – Бу эса ўз навбатида келгуси ишларимизга катта масъулият юклайди. Бундан кейин ҳам ёш авлодни тарбиялаш, билимли ва баркамол инсон бўлиши йўлида барча имкониятларимизни ишга соламиз. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз халқимизга муборак бўлсин.
Тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз томонидан берилган эътироф учун ўз миннатдорлигини билдирди.
А.Мусаев,ЎзА.