Бу йил ҳам Навоий вилоятида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами ўзгача шукуҳ ва кўтаринкилик билан кутиб олинди. Байрам кунлари Иккинчи жаҳон урушида, шунингдек, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотираси ёдга олиниб, ушбу дориломон кунларнинг фидойилари жасорати шарафланди. Барча жойларда – таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳалла гузарларида уруш ва фронт орти фахрийлари билан маданий-маърифий учрашувлар ташкил этилди.
Вилоят ҳокими Нормат Турсунов ва кенг жамоатчилик вакиллари Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиси Пирназар бобо Турдиев хонадонига ташриф буюриб, у кишини байрам билан табриклади.
Кармана туманидаги Дўрман маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Пирназар бобо айни пайтда 104 ёшни қаршилаган. У Иккинчи жаҳон урушининг оловли нуқталарида бўлиб, жангларда иштирок этган.
Олти йиллик ҳарбий хизматдан сўнг, Болтиқбўйида яраланиб, кўп қон йўқотгандан кейингина ҳарбий хизматдан бўшатилган ва Ватанга қайтган Пирназар бобо қирқ йил хўжаликда темирчилик қилди. Гарчи ҳозир юз ёшдан ошган бўлсада, жисмоний меҳнат қилади. Ер ағдариб, сабзавот экинлари экиб парваришлайди.
Учрашув давомида отахон байрамда йўқлаб келганликлари учун миннатдорлик билдириб, дуога қўл очар экан, дориломон кунларга етказганлиги, юртимиз тинчлиги, осмонимиз мусаффолиги учун шукроналик билдирди.
– Биринчи бор 1942 йилнинг кузида Россиянинг Пеньза шаҳрида урушга кирдик. 2- Белоруссия фронтидан жанг килдим. Полтава, Курск, Орёл, Гомел ерларидан фашистларни қувиб чиқардик. Навбат Польша ерларига келди, ундан ўтиб Германияда ғалаба байроғини Рехистаг устига тикладик. Мен билан сафдош не-не ватандошларим кўз ўнгимда ўққа учиб кетишди. Ватанга бўлган муҳаббат, ота-онам дуоси мени омон сақлади. Пешонамда яшаш ҳаққи бор экан, фашист газандаларини таслим қилиб 1946 йилнинг баҳорида юртга қайтдим. Уйга келганимда онам, отам тириклигимга ишонишмаган. Чунки икки маротаба мендан қора хат келган экан-да, – дея хотирлайди бобо.
Уруш мамлакатимиздаги ҳар бир оилага ўз таъсирини кўрсатди, азият етказди. Қанчадан-қанча болаларни етим қилиб, халқимиз қалбида эса оғир жароҳат изларини қолдирди.
Учрашувда вилоят ҳокими томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг байрам табрикномаси ўқиб эшиттирилди ва отахонга 20 миллион сўм миқдордаги пул мукофоти ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири