Президентимизнинг кеча эълон қилинган фармонига кўра, қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиздан бир гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланди. Жумладан, Самарқанд вилоятидан 7 нафар фидойи юксак мукофотларга лойиқ кўрилди.
Бугун Самарқанд вилояти ҳокимлигида давлат мукофотларини топшириш маросими ўтказилди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев ўзининг фидокорона меҳнати билан элимиз дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш, вилоятимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашга қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилган юртдошларимизни табриклади. Улар сингари қишлоқ хўжалик илми билимдонлари, деҳқон ва фермерлар, боғбон ва чорвадорларнинг заҳматли меҳнати туфайли бу йил Самарқандда соҳанинг барча тармоқларида юқори ўсиш суратлари таъминлангани, ғалла ва пахта ҳосилдорлиги ошиб, рентабеллик даражаси ўсганини таъкидлади. Соҳага замонавий агротехнологияларнинг кенг жорий этилаётгани ва тўғри нав, серҳосил уруғлар танланиши туфайли мева-сабзавот, полиз экинлари ҳар йилгидан кўп етиштирилиб, соҳада экспорт ҳажми ошганини қайд этди.
Маросимда А.Бобоев давлатимиз раҳбари номидан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети профессори Дўстмуҳаммад Холмирзаевга “Меҳнат шуҳрати” орденини, “Мирза-Пай” ирригация тизими бошқармаси катта муҳандис-гидротехниги Облоқул Абдулазизовга “Дўстлик” орденини, Пахтачи туманидаги “Мирзаев Шуҳрат Кенжаевич” фермер хўжалиги ғалла ўриш комбайни оператори Нурмуҳаммад Сувоновга “Жасорат” медалини ва бошқа мукофотланганларга ҳам орден, медалларни тантанали топширди.
[gallery-26664]
– Қарийб йигирма йилдан буён фермерман, – дейди Пастдарғом туманидаги “Элдор” чорвачилик фермер хўжалиги бошлиғи, “Шуҳрат” медали соҳиби Эркин Шеров. – Фаолиятимизни саноқлигина чорва моллари боқиш билан бошлагандик. Бугун кўп тармоқли хўжаликка айланиб, паррандачиликни, гўшт ва сут йўналишида қорамол боқишни йўлга қўйдик. Хориждан наслдор чорва олиб келиб, кўпайтиряпмиз. Бунга давлатимиз томонидан яратиб берилган имкониятлар, имтиёз ва қулайликлар туфайли эришдик. Хўжалигимизнинг ана шу натижалари эътироф этилиб, давлат мукофоти билан тақдирланганимдан бутун жамоамиз хурсанд. Бунинг учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари