Навоий вилояти Маънавият ва маърифат марказида самарали фаолияти ва намунали ҳаракатлари билан ибрат бўла олаётган ёшлар етакчиларини рағбатлантириш мақсадида “Фидойи ёшлар етакчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан барча туман-шаҳарларда маҳалла ёшлар етакчилари иш бошлаган эди. Бугунги кунда улар ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш, таълим муассасаларида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларнинг самарадорлигини янада ошириш мақсадида фаолият олиб бормоқда.


Танлов ёшларга оид давлат сиёсатини самарали ташкил этиш, ёшлар етакчиларининг маънавий савияси ва билимини ошириш орқали маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит ривожига ҳисса қўшиш, ёшларда Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат туйғуларини тарбиялашни қўллаб-қувватлаш, бу борадаги етакчилар иш тажрибасини оммалаштириш ва уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш каби мақсадларга хизмат қилади.
Танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб бўлган 11 нафар ёшлар етакчиси 4 та шарт бўйича билим ва иқтидорини синовдан ўтказди.


Якуний натижаларга кўра, Кармана тумани “Варқ” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Шохруҳ Нуруллаев 3-ўрин, Учқудуқ тумани “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Малика Худойбердиева 2-ўринни эгаллади. Навоий шаҳар “Хончарбоғ” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси Бахтиёр Тошпўлатов эса кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиби, деб топилиб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан “Диплом” ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Абдували Бўриев, ЎзА