ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги “Водий” тантаналар саройида Энергетиклар куни муносабати билан “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ томонидан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар соҳа ходимларини касб байрами билан қутлаб, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳудудий энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларга тўхталиб ўтди.
Таъкидландики, бугунги кунда мамлакатимизда энергетика соҳасида 200 мингга яқин, ҳудудий электр тармоқларида эса 27 мингдан зиёд, шу жумладан, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”да 2 минг 600 нафар мутахассис меҳнат қилмоқда.
[gallery-20991]
Маросимда 150 нафарга яқин ходимга акциядорлик жамияти томонидан таъсис этилган “Энергетика фахрийси” эсдалик нишони ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Аслида, энергетик касби осон соҳалардан эмас. Битта хонадонда чироқ ёниб, уйи нурафшон бўлиши учун минглаб энергетиклар меҳнат қилади. Симёғочлар устунига чиқиб, электр симлари созлигини текширадиган, электр етказиб берувчи ҳар қандай қурилма билан ишлайдиган инсонлар, аслида, ҳар куни ҳаёт учун хавфли ҳолатлар билан юзлашади. Одамлар тунда ором олаётганда, улар жойларда юзага келган авария ҳолатларини бутлаш билан овора бўлади. Аммо улар буни доим беминнат, фидойилик билан бажаради. Шу маънода бугунги тадбирда корхонада 30 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган фидойи ходимларнинг тақдирланиши меҳнатга муносиб рағбат бўлди.
Байрам тадбири миллий санъатимиз ардоғидаги санъаткорларнинг куй-қўшиқлари билан давом этиб, меҳмонларга кўтаринки кайфият улашилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА