Нурафшон шаҳрида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганига саккиз йил бўлиши муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда МИБ Тошкент вилояти бошқармаси ходимларининг заҳматли меҳнати эътироф қилинди.
Тадбирда Тошкент вилоят хокими Зойир Мирзаев, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар ва солиқ бошқармалари бошлиқлари ҳамда МИБнинг вилоят бошқармаси раҳбарияти ва унинг туман ва шаҳар бўлими масъул ходимлари қатнашди.

Қайд этилганидек, 2017 йилнинг май ойида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Мажбурий ижро бюроси ўтган саккиз йил давомида ўзига юклатилган вазифаларни муносиб тарзда бажармоқда. Соҳа ходимларига билдирилган ишонч юксак масъулият, садоқат билан оқлаб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Тантанали йиғилишда сўз олганлар Бюро ходимларини байрам билан табриклар экан, соҳа вакиллари томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали ишлар олиб бораётганини эътироф қилди.

– Ўтган йилларда соҳа ходимлари томонидан давлат ва фуқаролар манфаати учун самарали меҳнат қилинди, – дейди Бюронинг Тошкент вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот тармоғи раҳбари Дилфуза Олимова. – Вилоятда 52 триллион сўмлик ҳужжатлар ижроси таъминланди. Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Алимент қарздорлигини ундириш масаласида жараёнларни назорат қилувчи ягона ахборот тизими ишга туширилди ва бу орқали 32 минг нафардан ортиқ алимент олувчи ва тўловчи ҳақидаги маълумотларни “онлайн” режимда танишиб бориш имкони яратилди. Вояга етмаган моддий ёрдамга муҳтож шахслар фойдасига жами 2,7 триллион сўм алимент маблағлари ундириб берилиши таъминланди. Муқаддам ўз иш ўрнини йўқотган ва қонунга зид равишда ишдан бўшатилган 364 нафар шахс ишга тикланди ва уларга тўланмай қолган 44 миллиард сўмлик иш ҳақи ундириб берилди.
Тадбирда соҳада самарали меҳнат қилиб ҳамкасбларга ўрнак кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Мусаев, ЎзА.