ФОТОРЕПОРТАЖ
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида халқ саломатлиги йўлида фидокорона хизмат қилаётган, инсонлар ҳаётини асраб қолишдек олижаноб ишга ўзини бағишлашган соҳа вакиллари эътироф этилди.
Филиалнинг Рентген диагностика ва эндоваскуляр хирургия бўлимида интервенцион кардиолог бўлиб ишлаётган Саид Ғуломов миокард инфаркти ва ўткир юрак-қон томир касалликларида шошилинч мураккаб амалиётларни муваффақиятли ўтказиб келаётган ёш ва тажрибали шифокорлардан бири. Унинг ўз устида доимий изланиши, беморларга ғамхўрлиги ва бошқа инсоний фазилатлари кўпчилик учун ибрат. Шунга кўра С. Ғуломов “Ватан” фахрийлар жамғармаси томонидан “Фидокорона хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди.
[gallery-27511]
Наманган шаҳар фтизиатрия ва пульмонология ҳамда реабилитация санаторийсида 34 йилдан буён фаолият юритиб келаётган Нилуфар Расулова ҳам ана шундай мукофотга муносиб кўрилди.
Тақдирлаш маросимида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлиги биринчи галда ўз касбий бурчига садоқатли, ташхис қўйиш ва даволаш ишларида энг илғор тажрибаларни ўзлаштирган, фидойи тиббиёт ходимларига боғлиқ экани таъкидланиб, С. Ғуломов, Н. Расулова сингари шифокорлар сафи янада кенгайишига ишонч билдирилди.
Нишонларни «Ватан» жамоат фонди бўлим бошлиғи Ботир Содиқов топширди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА