Янгийўл шаҳрида Тошкент вилояти халқ таълими тизимидаги педагог ходимлар учун “Устозлар миллий форуми” ўтказилди.
2022-2023 ўқув йили олдидан таълим муассасалари раҳбарларининг масъулияти ва ташаббускорлигини, тизимда фаолият юритаётган педагог ходимларнинг касбий маҳоратини янада ошириш, илғор тажрибаларни тарғиб қилиш, ўқув дастурлари ва дарсликлардаги янгиликлар, ўзгаришларни тизим ходимларига етказиш мақсадида ташкил этилган тадбирда вилоят, туман-шаҳар халқ таълими тизимидаги фан методистлари, мактаб раҳбарлари ва илғор педагоглар қатнашди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камолов барчани яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик байрами ва билимлар куни билан табриклади. Шунингдек, давлатимиз томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, устозларнинг жамиятдаги ўрни, қадр-қимматини юксалтириш борасида олиб борилаётган ишлар моҳиятига алоҳида эътибор қаратди.
Ўтган ўқув йилида вилоят ўқитувчилари ва ўқувчилари эришган салмоқли натижалар таҳлил қилинди. Айрим мавжуд муаммолар билан боғлиқ ҳолатларни тегишли тартибда ҳал қилиш борасида келишиб олинди. Қўлга киритилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, катта марраларни, мақсадларни белгилаш кераклиги, бунинг учун энг илғор хорижий тажрибаларни амалда татбиқ этиш зарурлиги қайд этилди.

Жорий йилда мактабларнинг 11-синфини 30 624 нафар ўқувчилар тамомлади. Битирувчиларнинг 84,8 фоизи (ўтган йили 24,3% бўлган) олий ўқув юртларига топширди, 7,4 фоизи эса техникумларга ўқишга кирди. Шунингдек, уларнинг 2,1 фоизи ҳарбий хизматга кетиш, 5,6 фоизи эса ишлаш истагини билдирган.
Тадбирда таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, ташаббускор ва изланувчан, муносиб натижаларга эришаётган кўплаб таълим фидойилари вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва совғалари билан тақдирланди.

Вилоятнинг иқтидорли ёшлари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади. Форум доирасида вилоят ўқитувчи-мураббийларининг ота-оналарга мурожаати йўлланди. Мазкур форум доирасида туман-шаҳар халқ таълими бўлимлари кесимларида фан йўналишлари бўйича шўъба йиғилишлари ва умумтаълим мактаблари кесимида педагогик кенгашлар ўтказилади.
А.Мусаев, ЎзА