Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик Кенгаши қарори билан мамлакатимиз тараққиёти, юрт равнақи, жамиятимиз ривожи йўлида фаол меҳнат қилиб, бугунги кунда ҳам жамоатчилик ишларида намуна бўлаётган ёши улуғ юртдошларимизнинг бир гуруҳи “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Самарқанд шаҳрида ана шундай юксак эътирофга сазовор бўлган нуронийларга кўкрак нишонларини топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирда Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев иштирок этиб, бугунги кунда юрт тараққиёти, жамият ривожи, ёш авлод таълим-тарбиясида кексаларнинг ўрни ва роли ўта муҳим эканлигини таъкидлади. Шу боис уларни эъзозлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори асосида ҳар йили фидойи нуронийларимизнинг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланаётгани айни жараённинг амалдаги ифодаси эканлиги таъкидланди.
[gallery-25701]
Тадбирда узоқ ва самарали меҳнат фаолияти, жамоатчилик ишларидаги фаоллиги ҳамда ибратли ҳаёт йўли билан ўрнак бўлиб келаётган 86 нафар самарқандлик нуронийга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари тантанали топширилди.
- Кексалик бекорчилик эмас, ўта масъулиятли давр эканлигини нафақага чиқиб, нуронийлар сафига қўшилгач англадим, - дейди Каттақўрғон шаҳар Қўшҳовуз маҳалласи нуронийлар фаоли Сабоат Нигматова. – Ҳаёт сўқмоқларидан ўтиб, улғайган сари инсон умрнинг ғаниматлигини, ҳаётнинг асл моҳиятини янада теранроқ англаб етаркан. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбиясига кексаларнинг масъуллиги бугунги кунда ўта муҳим. Ушбу жараёнда маҳалладаги ёшлар билан ишлаб, уларни тўғри йўлга солиш, ўқиб ўрганишга, касбли бўлишга йўналтиришдек вазифаларни имкон қадар бажариб келмоқдамиз. Ички ишлар тизими, таълим соҳаси ва маҳалладаги 46 йиллик меҳнат фаолиятим давомидаги тажрибам бугун "Бир нуроний - ўн нафар ёшга масъул" ташаббусини амалга оширишда қўл келмоқда. Кексаликдаги фаолиятим вилоятимизнинг фаол нуронийлари сафида эътироф этилгани менга ўзгача шижоат берди. Энди янада масъулият билан маҳалламиз ёшларига бош бўлиб, юртимиз равнақи йўлида фидойилик кўрсатамиз.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматовга "Адолат" кўкрак нишони топширилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари