English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фидойи меҳнат ортидаги юксак иззат
00:00 / 2025-09-14

Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 34 йиллик байрами “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ Марказий кон бошқармаси Тармоқлар ва подстанциялар цехи 7-Гидрометаллургия заводи Юқори кучланишли участка устаси Лочин Хидировга ҳам қўшалоқ байрам бўлди.

– Ҳар гал раҳбариятимиз томонидан менинг иш фаолиятимни алоҳида таъкидлаб, ёш ишчиларга намуна қилиб кўрсатганда танлаган касбимдан янада фахрланиб кетаман, – дейди Лочин Хидиров. – Бир умр ҳалол меҳнат ортидан кун кечирган отамнинг панд-насиҳатлари ёдимга тушаверади. Ҳаётда ҳамиша тўғри йўлни кўрсатганликлари сабаб бугун жамиятда ўз ўрним бор. Самарали меҳнатим ва комбинатимиз ривожига қўшган ҳиссам учун 2008 йилда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлсам, мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида камтарона меҳнатим яна бир бор давлатимиз ва комбинатимиз раҳбарияти томонидан муносиб баҳоланиб “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирландим. Бу мукофотлар фақат менинг ютуғим эмас, балки бутун жамоамиз меҳнатининг самарасидир. Ҳар бир ишда виждонан ёндашиш, ҳалоллик ва масъулиятлилик бизни юксак чўққилар сари етаклайди. Бугунги кун ёшлари шу йўлдан олға қадам ташласа, уларга ҳам юртимизда кенг имкониятлар эшиги очилади. 

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида 1976 йилда туғилган Лочин Хидиров ўз ҳаётини меҳнат билан безаган инсонлардандир. Ёшлигидан техника ва амалий билимларга қизиққан қаҳрамонимиз, 1991-1993 йилларда Қизилтепа туманидаги 37-қишлоқ хўжалик касб-ҳунар техника билим юртида таҳсил олган. Шу ерда олган сабоқлари унинг ҳаёт йўлида мустаҳкам пойдевор бўлди. Таълимдан сўнг, 1993 йилда илк меҳнат фаолиятини “Агропромстройремонт” корхонасида автомобилларни таъмирловчи чилангар сифатида бошлаган. Орадан бир йил ўтиб “НКМК” АЖ Зарафшон қурилиш бошқармаси Механизациялашган ишлар участкасида шу йўналишда фаолият олиб борган. Мана 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида у Марказий кон бошқармасининг Тармоқлар ва подстанциялар цехида ишлаб келмоқда. Мазкур корхона Зарафшон шаҳри ҳамда кон бошқармаси саноат майдонларини ишончли электр энергияси билан таъминлайди. Шу билан бирга бир неча минг километр кабель ва ҳаво линиялари, ўнлаб трансформатор подстанцияларига хизмат кўрсатади.  Бу эса ишчи-ходимлардан ўзига яраша маҳорат ва юксак малака талаб этади. Қаҳрамонимиз фаолият юритаётган участка эса 7-Гидрометаллургия заводида жойлашган. Унинг участка устаси сифатида асосий вазифаси электростанцияларда, трансформаторли электроподстанцияларда, электр тармоқларида оператив қайта улаш билан кучланишдан уларни тўлиқ ўчириш, 1000 В юқори бўлган кучланишдаги симларни кавшарлаш ва изоляциялаш, бириктириш ва ажратиш, электромагнитли ва электродинамик тизимлар, электр асбобларига хизмат кўрсатиш, созлаш, йиғиш бўйича ишларнинг хато ва камчиликларсиз ҳамда техника хавфсизлик қоидаларига риоя қилган ҳолда бажарилишини назорат қилишдан иборат.

Ишда хато ва камчиликларга йўл қўймаслик, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш зарур, дея таъкидлайди қаҳрамонимиз. Корхонада диагностик асбоб-ускуналар, яъни динамометр, автосканер ва бошқалар ёрдамида бунинг чора-тадбирларини ишлаб чиқиб, амалда татбиқ этади ва шогирдларидан ҳам шуни талаб этади. Инсон нафақат қўл остидагиларга, балки ўзига нисбатан ҳам талабчан бўлмоғи лозим, деб ҳисоблайди.

Л.Хидиров иш фаолияти давомида ўзини малакали мутахассис, илғор ташкилотчи сифатида кўрсатиб, ўзига ҳамда ишчи-ходимларга нисбатан жуда масъулиятли, талабчан раҳбар. Босиб ўтган ҳаёт йўлидан мамнун эканлиги юз-кўзида зоҳир бўлган Лочин ака “Меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик” деган нақлга амал қилган ҳолда турмуш ўртоғи Нилуфар опа билан бирга 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган. Фарзандларининг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, уларни олий маълумотли қилди. Катта фарзанди Сабина онаси каби ўқитувчилик касбини танлаб, шу соҳада ўз фаолиятини олиб бормоқда. Ўғли Элчин эса айни вақтда Италия давлатида “Ҳуқуқ ва давлат бошқаруви” йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Кичик фарзандлари Сабрина Навоий шаҳридаги 6-сонли мактаб ўқувчиси бўлса, кенжатойи Элшод Навоий шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқувчиси. 

Қаҳрамонимиз ўз ҳаётини меҳнат билан безаган, ҳалоллиги ва фидойилиги билан юксак мақомга эришган инсон. Унинг ҳаёти ва фаолияти кон бошқармасидаги ҳар бир ёш мутахассис кадрлар учун ибратдир. Меҳнатсевар, фидойи инсон сифатида у нафақат ишчи-ходимлар орасида, балки бутун жамоада обрў-эътиборга эга. “Шуҳрат” медали ва “Меҳнат шуҳрати” ордени эгаси бўлган Лочин акани кон  бошқармасидаги ҳалол меҳнати, садоқати, ватанга бўлган чексиз муҳаббати ва комбинатимиз ривожига қўшган ҳиссаси унинг номини юксалтирди, десак ҳам муболаға бўлмайди.

Комбинатимиз тараққиётида меҳнаткаш инсонларнинг ўрни беқиёс. Шу боис қаҳрамонимиз Лочин Хидиров каби фидойи инсонлар ҳақида сўз юритиш, уларга ҳурмат, келажак авлодлар учун ибратдир.

Азиза Ирисова, МКБ мухбири.

ЎзА