Алишер Искандарович. Бу исм-шарифни эшитиб кўз ўнгимизга беихтиёр юз-кўзи самимиятга тўла ҳамкасбимиз келади. У киши ҳақида кимдан сўраманг, фақат илиқ гап эшитасиз. Таниган билганлар барчаси: очиқ кўнгил, муомилали, яхши инсон, қўли енгил шифокор, етук раҳбар, дейишади. Бу инсонда мана шундай фазилатлар мужассам эканига ўзим ҳам кўп бора гувоҳ бўлганман. Ўттиз йилдан буён Навоий кон-металлургия комбинатининг тиббиёт соҳасида хизмат қилиб келаётир.
Болалик энг беғубор, орзуларга бой давр. Бу пайтда ёшлар орзу-ҳаваслар қуршовида, ўз келажагини белгилаш пайтида бўлади. Алишер ҳам ёшлигидан шифокор бўлишни катта мақсад қилди. Оддий қишлоқ йигитининг бу орзусини ота-онаси, яқинлари, устозлари қўллаб-қувватлади. Чунки, у кимё-биология фанлари бўйича мактабнинг энг аълочи ўқувчиси эди.
Аслида, шифокор бўлиш осон эмас. Синов ва қийинчиликлари кўп. Бежизга уни машаққатли ва шарафли касб, дейишмайди. Бу – фавқулодда вазиятлар, даволаш, жарроҳлик амалиётларида жуда катта жасорат талаб этади. Ушбу касб эгаси бўлиш учун фақат назарий билим камлик қилади. Одамнинг ўзида иштиёқ ва қизиқиш ҳам бўлиш керак. Қаҳрамонимиз бу масъулиятни чуқур англаган ҳолда, барибир қатъий аҳд билан шифокор бўлишни танлади. 1988-1994 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институтида даволаш иши мутахассислиги бўйича таҳсил олди.
Билимга чанқоқ эмасми, нуфузли олийгоҳда ўқиб юрган даврларидаёқ устозлари эътиборига тушди. Илмга бўлган иштиёқи, интилувчанлигини англаган мураббийлари унга илмий иш қилишни тавсия этди. Институтни тугатгандан сўнг илмий иш ва меҳнат фаолиятини туғилиб ўсган Навоий вилоятида бошлади. Ёш, интилувчан мутахассис эмасми, эътиборга тушиб, хизмат пиллапояларидан тез ўсиб борди. 1995-2018 йилларда жарроҳ-шифокор, хирургия бўлими мудири, тиббий-санитария бўлими бошлиғининг ўринбосари вазифаларида ишлади. 2018 йилда Алишер Искандаровичга комбинат раҳбарияти томонидан катта ишонч билдирилиб, тиббий-санитария бўлими бошлиғи лавозимига тавсия этилди. Шундан буён чуқур билим, бой тажриба, катта маҳорат, юксак ташкилотчилиги билан 3,1 минг кишилик катта жамоани бошқариб келмоқда.
– Бу инсон билан кўп йиллардан буён бирга ишлаймиз. Ибрат олишга арзирли жиҳатлари кўп. Мисол учун ишга барвақт келиб, иш кўлами кенг бўлсада, ҳар куни эринмай бўлимларни бирма-бир айланиб чиқишга одатланган. Биласиз бемор учун энг яхши даво шифокорнинг ширин сўзи. Бизни, беморларни тинглайди ва шу асосида кунлик ишларни белгилаб беради. Катта жамоа наздида бу киши фазилатли инсон, етук олим, моҳир жарроҳ ва яхши раҳбар. Сизни эшитади, қўллаб-қувватлайди. Келгандан буён тиббиёт соҳасида кўп ўзгаришлар қилди. Бундан, иш тизими, тартиби, муҳитдан жамоамиз хурсанд, – дейди II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби, юқумли касалликлар бўлими мудири Гулзора Очилова.
Маълумки, иссиқ жон иситмасиз бўлмайди. Кези келганда шифокорга ишимиз тушади. Бундай паллада ёнимизда шай турадиган шундай улуғ зотлар бор у ҳам бўлса тиббиёт ходимларидир. Аслида бу касб оддий касб эмас, энг масъулиятли, машаққатли ва шарафли касб ҳисобланади. Инсониятни дарддан, энг оғир ҳолатлардан олиб чиқадиган ҳам шулар. Яъни инсонлар саломатлиги, ҳаётини асраш уларнинг қабул қиладиган қарорига боғлиқ. Чунки, ҳар бир бемор шифокор ҳузурига катта умид билан келади. Бизнинг қаҳрамонимиз ана шу таърифга лойиқ, тиббиётга умрини бағишлаган, ўттиз йил давомида қанчадан-қанча инсонларга соғлик бағишлаб, соғлом ҳаётга қайтарган ватанпарвар шифокор.
– Бизнинг қўлимизда фақат стетоскоп ёки скалпел эмас, балки инсон тақдири туради. Беморнинг юзида табассум пайдо бўлиши, она боласини бағрига босиши, отанинг фарзандини соғлом кўриши биз шифкорларга боғлиқ. Доимо элимиз хизматига камарбаста ҳамда улар дардига малҳам бўлиш учун кунларни беҳаловат, тунларни бедор ўтказамиз. Бу бизнинг касбимизга хос кундалик вазифамиз. Ҳамкасбларимиз учун энг олий мукофот бу – одамларнинг соғлом ҳаётга қайтгани, хасталикдан фориғ бўлгани, – дейди А.Тўқсанов. – Тиббиёт, дегани қадимда ҳам бўлган. Инсоният тарихига назар ташласак қадимги Миср табиблари ўсимликлардан дори тайёрлаган, Хитой табобати эса игна-суянчиқли даволаш услуби билан машҳур бўлган. Шарқнинг буюк алломаси Ибн Сино эса “Тиб қонунлари” билан дунё илмига йўл очиб берган. Ҳар бир давр, ҳар бир миллат ўз тажрибаси билан тиббиёт хазинасини бойитиб келган. Бугунги кунда тиббиётга доир илмий янгиликлар, тажриба ва кашфиётлар тезлик билан бутун дунёни эгалламоқда. Масалан, Япония технологияси операцияларда роботлардан фойдаланишга йўл очди. Германия аниқ диагностика усуллари билан илғорликни эгаллади. АҚШ ва Европада юрак, жигар, ҳатто юз трансплантатцияси амалга оширилмоқда. Хитой эса ўзининг қадимий табобатини замонавий илм билан уйғунлаштириш йўлидан бормоқда. Демоқчимизки, тиббиёт соҳасидаги ҳар қандай тажриба кенг оммалашиб, бир жойда қўлга киритилган ютуқ бошқа мамлакатда ҳам қўлланилиб, инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилмоқда. Шунинг учун бугунги дунёда тиббиёт ягона жамоавий майдон, унда миллат, дин ёки унинг чегараси йўқ. Бизнинг соҳада ягона мақсад: инсон саломатлиги асраш, уларни соғломлаштириш.
Алишер Искандарович бошчилигидаги жамоанинг меҳнати, фидоийлиги, айниқса, пандемия даврида яққол билинди. Улар кеча-ю кундуз оёқда туриб, оиласига бормасдан, ҳамкасбларимиз саломатлиги, ҳаётини асрашда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатди. Ватанпарвалик, фидоийлиги билан қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини сақлаб қолди. Халқимиз бошига тушган оғир синов инсониятни бир бирига бирлаштирди.
Янги Ўзбекистон тиббиёти янги ривожланиш босқичида
Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасига ҳам қаратилгани ҳар жиҳатдан аҳамиятлидир. Соғлиқни сақлаш тизими тубдан ислоҳ қилиниб, янгиланишлар жараёнида. Бунинг натижасида соҳага замонавий хизматлар, стандартлар жорий этилмоқда. “Инсон қадри учун” эзгу тамойилидан баҳраманд аҳоли бугун сифатли ва арзон тиббий хизматлардан мамнун.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан сўнгги йилларда соҳага доир кўплаб муҳим қарорлар, фармон ва дастурлар қабул қилинди. Жумладан, қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими такомиллаштирилмоқда. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, хорижий тажрибага асосланган тиббиёт кластерлари ташкил қилинмоқда. Олий ўқув юртларида таълим сифати, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириб бориш борасида эътирофли ютуқларга эришилди. Бу соҳада инсон капиталига бўлган эътибор натижасидир.
Айниқса, онлайн тиббий хизматлар, телемедицина, электрон рецепт ва тиббий суғурта тизимлари жорий этилиши Янги Ўзбекистонда рақамли тиббиёт ривожига йўл очмоқда. Бу эса аҳолининг узоқ ҳудудларда ҳам малакали шифокорлар билан боғланиш имкониятини кенгайтирди.
Албатта барча ислоҳотлар замирида улуғ мақсад ётибди, бу – халқ саломатлигидир. Зеро, соғлом жамият барпо этилмас экан, тараққиётга эришиб бўлмайди. Шу сабабли республикамиз соғлиқни сақлаш соҳаси доимий эътибор марказида. Сўнгги йилларда тибббиёт соҳаси учун маблағлар олти карра оширилди. Сифатли тиббий хизматлар янги босқичга чиқди.
– Бизнинг тиббиёт-санитария бўлимида ҳам кейинги йилларда комбинат кўмагида кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилди. Мисол учун, комбинат томонидан 2017-2024 йилларда 54,2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу эътибор ва ишонч бизга ҳамиша улкан масъулият юклайди. Бунинг учун комбинат ишчи-ходимлари, уларнинг оила аъзолари, пенсионерларимизга сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг саломатлигини асраш ҳаммамизнинг биринчи даражали вазифамиз эканини чуқур ҳис этамиз, – дейди тиббиёт-санитария бўлими бошлиғининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Карим Раҳматов.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон тиббиёти сифат ва самарадорлик жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса нафақат тиббиёт ходимлари, балки ҳар бир юртдошимиз соғлиги ҳақида жиддий ўйлаш, соғлом турмуш тарзини ҳаётий мезон сифатида қабул қилиш зарурлигини англатади. Чунки, соғлом авлод – соғлом келажак пойдеворидир.
Ҳаммаси тиббий маданиятга боғлиқ
Жамият тараққиётининг муҳим ва долзарб мезонларидан бири бу – аҳолининг тиббий маданияти ва уни юксалтиришдир. Ривожланган мамлакатларда бу тушунча нафақат шифокорлар малакаси, балки ҳар бир фуқаронинг саломатлигини қадрлаш даражаси, профилактикага бўлган муносабати ва соғлом турмуш тарзини онгли равишда танлаши билан чамбарчас боғлиқдир.
– Европа ва Шимолий Америка давлатларида тиббиёт фақат касалликни даволаш билан чегараланмайди, – дейди А.Тўқсанов. – Аксинча, аҳолини касалликка йўлиқтирмаслик, эрта огоҳлантириш ва мунтазам назорат қилиш асосий йўналиш ҳисобланади. Масалан, Германияда аҳолининг 80 фоиздан ортиғи йилига камида бир марта умумий текширувдан ўтади. АҚШда эса ҳар бир оиланинг шахсий оилавий шифокори бўлиб, у бемор касал бўлганидан кейин эмас, балки соғлом давридаёқ мунтазам кузатув олиб боради. Скандинавия мамлакатларида болалар боғчаси ёки мактабга қабул қилишдан олдин уларнинг барча эмлашлари тўлиқ бажарилган бўлиши шарт. Бу — жамиятда умумий иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Японияда эса шахсий гигиена маданияти юқори даражада бўлиб, у пандемия даврида энг самарали ҳимоя чораларидан бири бўлди. Ривожланган давлатларда соғлиқни сақлаш тизими электронлаштирилган. Тиббий маданият давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Масалан, Эстония ва Финляндияда ҳар бир фуқаронинг тиббий тарихи ягона электрон базада сақланади. Шифокор беморни қаерда кўрмасин, унинг барча таҳлиллари ва олдинги даволаниш маълумотларига дарҳол кириш имконига эга. Бу нафақат вақтни тежайди, балки даволашнинг аниқлигини ҳам оширади. Францияда чекишга қарши қатъий қонунлар бор, Канада ва АҚШда соғлом овқатланиш дастурлари ишлаб чиқилган. Скандинавия давлатларида эса велосипедда юриш ва пиёда юришни рағбатлантирувчи инфратузилма яратилган. Бу чоралар касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Энг муҳими, ривожланган жамиятларда одамлар ўз соғлиғини фақат шифокорга юклаб қўймайди. Улар соғлом турмуш тарзини юритиш, вақтида текширувдан ўтиш, зарарли одатлардан воз кечишни шахсий масъулият сифатида қабул қилади.
Хулоса ўрнида айтганда, юртимизда ҳам тиббий маданиятни шакллантиришга катта эътибор қаратилган. Бу шунчаки тиббиёт тизими эмас, балки одамларнинг онгида шаклланган ҳаёт фалсафасидир. Соғлиқни қадрлаш, профилактикага эътибор қаратиш ва тиббий билимларни кундалик ҳаётга сингдириш жамият фаровонлигининг ажралмас қисмига айланган.
Дунёни илм асрайди
Дунё, бу нафақат кенг осмон ва ер бағри, балки инсон ақлининг маҳсули билан яшаб турган мўъжизакор макондир. Инсониятни юксалтирган, уни хавф-хатар, жаҳолат ва турғунликдан асрайдиган куч бу қудратли илмдир. Айнан илм туфайли одамзод тош давридан космос сари интилди. Энг оғир муаммоларга ечим қидириб, хасталикни даволаниш йўлларини излаб топди.
Олим жамиятнинг энг буюк бойлиги. У яратган кашфиёт нафақат ўз даврини, балки келажак авлод тақдирини ҳам белгилаб беради. Биргина мисол, Ибн Синонинг асарлари минг йилдан буён тиббиётнинг йўл-йўриғини кўрсатиб келмоқда. Ёки Ал-Хоразмий яратган алгебра илми бугун нафақат математика, балки бутун технологиянинг пойдеворига айланган. Агар олимнинг изланишлари бўлмаганида, бугунги кунда биз фойдаланаётган интернет, мобиль алоқа, сунъий йўлдошлар ёки замонавий тиббий ускуналар, дори-дармонлар ҳақида орзу қилиш ҳам мушкул бўларди.
Дарвоқе, А.Тўқсонов нафақат тажрибали шифокор, балки етук олим ҳамдир. Жумладан, 2022 йил 12 апрелда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий маркази ҳузуридаги Илмий кенгашда “Жигардан ташқари портал гипертензияси билан оғриган беморларни жарроҳлик усули билан даволашнинг тактик ва техник жиҳатларини такомиллаштириш” мавзусидаги тиббиёт фанлари фалсафа доктори (PhD) илмий ишини, 2025 йил 20 февралда “Жигар эхинококкози хирургиясида қолдиқ бўшлиғига ишлов бериш ва бартараф этиш усулларини такомиллаштириш” мавзусидаги тиббиёт фанлари доктори (DSc) илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилган. Кўриниб турибдики ҳам шифокор, ҳам илм одами. Бу икки уйғунлик, албатта, ҳар қандай инсонни бахтга, комилликка етаклайди.
Изланишлар натижасида унинг илмий ишига доир 41 та мақолалари, жумладан, нуфузли 15 та журналда, 11 та республика ва 4 та хорижий журналларда ижодий намуналари кенг ёритилган. Мазкур тадқиқот натижалари 15 та илмий-амалий анжуманларда, шу жумладан, 8 та халқаро ва 7 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтган. Иккита услубий қўлланмаси, битта монографияси нашр этилиб, 3 та ихтиро патенти муллифидир. Бу шак-шубҳасиз олимнинг улкан илмий салоҳияти, ютуқларидан далолат беради.
– Тиббиёт илмни кенг англаш, бу - инсониятни асраб қолиш демакдир. Атом энергияси, ген инженерияси, сунъий интеллект - буларнинг бари олимлар тафаккуридан туғилган кашфиётдир. Улар инсон ҳаётини енгиллаштиради, хавфларни камайтиради, имкониятларни кенгайтиради. Лекин илм нафақат қурол, балки масъулият ҳамдир. Олимнинг ҳар бир янгилиги инсониятга фойда келтириши учун уни тўғри йўналтириш, уни адолат ва эзгулик йўлида қўллаш зарур. Зеро, дунёни куч эмас, бойлик ҳам эмас, айнан илм сақлаб қолади. Чунки бойлик йўқолади. Куч сўнади. Аммо, илм вақт синовидан ўтиб, авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолади. Бугунги кунда иқлим ўзгариши, янги касалликлар, экологик муаммолар каби глобал таҳдидларга қарши ягона қалқон бу олимларнинг юксак билимидир. Демак, олимнинг илми инсониятни асрайдиган энг мустаҳкам пойдевор. Ҳар бир кашфиёт, бу келажак сари ташланган қадам. Ҳар бир илмий изланиш эса бутун дунё учун яратилган умиддир. Шу сабабли, олимга ҳурмат кўрсатиш, илмга садоқатли бўлиш - инсониятнинг ўз келажагини асраш демакдир, – дейди Алишер Искандарович. – Дунёни куч билан эмас, балки илм билан асраш тарих синовидан ўтган ҳақиқат. Инсоният тарихига назар ташласак, энг оғир даврларда ҳам халқларни юксалтирган, жамиятни зулматдан нур сари етаклаган куч, бу олимнинг ақли ва илмидир. Қадим замонларда табиат сирлари одамлар учун сирли ва қўрқинчли эди. Яшин чаққанда уни илоҳий жазога йўярдилар, касаллик чиққанда эса руҳий аломат деб тушунардилар. Аммо илм пайдо бўлгач, олимлар сабабни излаб, ҳодисаларни тушунтира бошлади. Шу тариқа одамзод қўрқувдан қутулиб, дунёни англашни ўрганди.
Жумладан, бу фикрга кўплаб тарихий мисоллар келтириш мумкин. Мисол учун, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари минг йилдан ортиқ вақт давомида бутун дунё табиблари учун дарслик вазифасини ўтаб келмоқда. Унинг илми нафақат Шарқ олами, балки Европа тиббиётини ҳам асраб, ривожлантирди.
Ёки Жонас Салк полиомиелитга қарши вакцина яратиб, миллионлаб болаларни фалажликдан, хитойлик олима Ту Ёуёу қадимий табобатни ўрганиб, безгакка қарши янги дори яратди ва миллионлаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолди. Туркиялик олим Азиз Санжар ДНК тузилишини тиклаш механизмларини кашф этиб, саратон касаллиги тадқиқотларига улкан ҳисса қўшди. Бу каби кашфиётлар бугун глобал таҳдидларга қарши қалқон бўлиб хизмат қилмоқда. “CОВИД-19” пандемияси даврида олимлар яратган вакциналар миллиардлаб одамларни касалликдан ҳимоя қилди. Геном таҳрирлаш усуллари орқали келажакда ирсий касалликларни даволаш мумкин бўлиши инсоният учун янги умид бўлди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Шундай экан, олимнинг илми инсониятнинг энг катта бойлиги, дунёни асраб қоладиган энг қудратли кучдир. Бойлик йўқолиши, куч сўниши мумкин. Аммо, илм авлоддан авлодга ўтиб, янгиланиб, янада кучайиб боради. Ҳар бир кашфиёт - бу келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевор, ҳар бир олимнинг изланиши эса бутун инсоният учун яратилган нажотдир. Хулоса ўрнида айтганда, инсоният ҳаёти ва саломатлигини асраб қоладиган, уни барқарор сақлайдиган куч бу тиббиёт олимларининг илми. Алишер Искандарович ҳам бугун шу йўлдан дадил бораётган кенг тафаккурли илм соҳибидир. Алишер сиёсий жабҳада ҳам фаол бўлган. Анча йиллар Халқ депутатлари Навоий шаҳар К енгаши депутати сифатида ўз сайловчилари муаммоларини ҳал этиш, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш жараёнларида халқ вакили сифатида иштирок этган.
Кексалари бор уйнинг фариштаси бор
Она – буюк зот. Ота мустаҳкам қўрғон. Бу сўзларнинг қудрати юракларни титратади. Қалбни ҳар лаҳзада илиқлик билан тўлдиради. Ҳар бир инсоннинг кўз очиб кўргани, меҳрини ҳис этгани, сирдоши бу – Она. Шу боис оналар ҳақида қанча самимий сўзлар айтсак, ашъорлар битсак, барибир камлик қилади. Ҳаётда ҳар қандай инсон учун энг катта мўъжиза ҳам, мактаб ҳам, энг самимий дўст ҳам она бўлади.
Тиббий-санитария бўлими бошлиғи Алишер Тўқсановнинг ҳам ҳаётдаги энг яқин инсони Раъно момо Жўраева бўлган. Ҳозиргача ҳам шундай. Онаси ҳар доим у билан сирдош. Бу табаррук зот ҳозир ҳам ўзини эмас, балки фарзанду набираларини ўйлайди. Бир сўз билан айтганда, Алишер Искандарович ва кейинги етти нафар ўғил-қизларнинг бугунги даражага етиб келишида, аввало, оила бошлиғи Искандар ота ва меҳрибон она Раъно момонинг ҳиссаси беқиёс. Улар зурриёдларига бир умрга етадиган меҳр бериб, комил ва солиҳ инсонлар даражасида тарбиялаб, ютуқ ва қувончидан яйраб, гоҳ-гоҳида изтиробидан ўртанган. Унинг юраги шу қадар нозик, шу қадар кенгки, унда бутун олам фарзандлари учун жой топади.
Алишер ака туғилиб ўсган хонадонга бордик. Онахон билан бир майдон гурунг қилдик. Секин ҳовли сатҳига разм солдим. Навбаҳор тумани марказидаги ҳовли жой обод, мисоли жаннат дейсиз. Ҳамма нарса жой-жойида. Гул-райҳонлар, шохини кўтара олмай солланган мўъжизакор боғ-ҳовлисидаги саришталик, тоза-озодаликдан баҳру дилингиз очилади. Бунда фариштали инсонлар яшаётганига иймон келтирасиз. Яна бир гап. Чорпояда ўтирган паллада ҳаётида бахт, қалбида шукроналик мужассам, қўли ҳамиша дуода бўлган онахонга эътибор бердим. Етмиш беш ёшни қаршилаган бўлсада, лекин жуда тетик. Юзидан нур ёғилади. Сездимки, Тўқсановлар хонадони Бешработдаги энг серфайз, баобрў оила экан.
Онахондан секин Алишер ака ҳақида сўрадим.
– Алишержон энг тўнғичим. Характери ука-сингиллари, тенгқўрларидан тамоман бошқача эди. Болалигидан шу ким билан гаплашмасин, ёшми, қарими бирдек доим жилмайиб кулиб туради ва яна очиқ кўнгил. Энг муҳими, киришимли эди. Бу фазилат ёши ярим асрдан ошсада уни тарк этмаган. Ҳаммага бирдек. Бу ҳам инсонийликнинг бир фазилатидир. Одамлар билан тез тил топишиши, ҳаётдан ўз ўрнини топиши, бу даражага етишишида балки ушбу хулқ-атвори ҳам катта роль ўйнадиёв, деб ўйлаб қоламан. Дўхтир бўлиш болалик орзуси эди. Ўқиди, интилди ва орзусига етди. Тўғри, оиламиз у пайтда катта еб, катта ичарман серфарзанд оила эди. Алишержон баъзида етишмовчиликдан қийналиб ўқиди. Ўзи қолиб, ука-сингиллари ўқиши билан ҳам биз қаторида изтироб чекди. Худога шукур, ёруғ кунлар келиб, ҳаммаси унут бўлиб кетди. Мана катта жамоага раҳбар бўлди, олим ҳам бўлди. Бунга қанчалик машаққат билан эришганини она сифатида мен яхши биламан. Бу ютуқ сулоламиз учун, албатта, катта фахр. Бизнинг ҳам оиладан фан доктори чиқди. Бу хислат ука-сингиллари – Шерзод, Ғолибжон, Наргиза, Хидирали, Ғофуржон, Умиджон, Мадинабонуларга ҳам ўтган. Худога шукр, улар ҳам акаси қатори ўқиди, яхши жойларда меҳнат қилмоқда. Қизларимни яхши жойларга узатдим, ўғилларимга яхши келинлар тушди. Ҳаммаси бир-биридан оқила. Катта келиним Зебога асло гап йўқ. Жуда эпчил. Тарбия берган отасига раҳмат қўлидан келмаган ишнинг ўзи йўқ. Қўли енгил шифокор, чевар, пазанда. Шаҳарда яшасада, хабар олишни канда қилмайди. Фарзандларини ўқитиб тарбиялади, уйли-жойли қилди. Улар ҳам бугун тўрт нафар набиранинг суюкли бува-бувиси. Илоҳим, омон бўлсин.
Мустақиллик байрами эмасми, бир зумда хонадон ўғил-қизлар, набира-эвараларга тўлди. Саккиз фарзанд, олти келин, 27 нафар набира, 10 нафар эвара – бу Тўқсановлар сулоласи, яъни, табаррук бобо-момонинг давомчилари. Уларнинг ўзи бир қишлоқ бўлиб, ҳовли сатҳига сиғмай кетди. Кўнгли кенг, дастурхони очиқ хонадонда ҳар доимгидек байрам бошланди. Фурсатдан фойдаланиб, Зебо келин билан суҳбатлашдим.
– Қайнонамга асло таъриф йўқ. Мақташга сўз бойлигим ҳам етишмайди. Бу хонадонга келин бўлиб тушганимдан мингдан-минг розиман. Меҳрибонлигини аямай, онам ўрнида онам бўлди. Менга ҳаётдан дарс берди. Хўжайнимга келсак, ҳаддан оилапарвар, болажон ва улар учун ўта куюнчак. Энди бу одати набираларига ҳам кўчди. Уларни бир зўм кўрмаса туролмайди. Иш ҳажми кўп бўлсада, лекин улар таълим-тарбиясига имкон топади. Энди мавзуга келсак, менимча, турмуш ўртоғимнинг бу даражага келишида, аввало, оила қўрғони Искандар дадамнинг ва мақтанишга йўйманг кўпроқ Раъно онажонимнинг хизматлари катта. Чунки, хўжайнимга барча хислатлар – самимийлиги, кўнгил очиқлиги онасидан ўтган.
Чорпоя устидаги гурунгимиз анча маҳалгача хўп қўр олди. Ҳамманинг қалбида ягона мақсад мужассам эди: бугунги кундан розилик, хурсандлик ва шукроналик. Қайтар паллада Алишер акадан онаси ҳақида сўрадим.
– Онамнинг кундалик одати шу эди: ҳаммадан олдин уйғониб, барчадан кеч ётарди. Оддий қишлоқ шароитида яшаганимиз боис, сингилларим то эсини таниб, қўлидан иш келгунига қадар барча юмушлар унинг зиммасида эди. Кўп йиллар Навбаҳор туман лабораториясида лаборант бўлиб ишлаган. Ишдан ортиб, рўзғор ташвишлари, болалар тарбияси барига улгурарди. Ҳозиргача телефон қилиб, “овқатландингми?”, “иссиқ кийиниб олдингми?”, “ишга етиб олдингми?”, деб қайғуради. Онамнинг ҳар бир сўзи, дуоси, маслаҳатида бир олам қудрат ва таскин бор. Биз ана шундан ўзимизга куч оламиз, – дейди Алишер ака. – Болалик даврим ва мактабда ўқиган йилларимда уйдаги мураббийим, пойтахтда ўқиганда узоқдаги дуогўйим, иш ва илмий ишимни амалга оширишда қўллаб турган энг суюкли қадрдоним, ҳозирда оилам фариштаси, фарзандларимнинг суюкли бувижониси онамдир. Отам Искандар Жўраев билан мени, аниқроғи, ҳаммамизни йўлга солган бу улуғ зотлардан бир умр қарздормиз. Ҳамиша бахтимизга омон бўлсин.
Ҳа, яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи. Бундай зурриёдлар уларни икки дунё саодатига элтади. Яхши ота-она эса жамият гултожи. Биз, очиғи, Тўқсоновларнинг бахтиёрлиги, бирдамлиги ва ютуқларига ҳавас қилдик. Илоҳим, ҳаммани мана шундай бахтга, бахтиёрликка етказсин.
Эллик уч баҳорни қаршилаган Алишер ака Тўқсоновлар сулоласининг энг тўнғичи. Кўп йиллар Навбаҳор туман, Навоий вилояти ветеринария бошқармаси бошлиғи ва Навоий вилояти ветеринария лабораторияси мудири бўлиб ишлаган отаси Искандар бобо Жўраев айни пайтда 77 ёшда, Навбахор туманидаги лабораторияда лаборант бўлиб ишлаган онаси Раъно опа 75 ёшда. Бу икки табаррук инсон ҳаётини мазмунли ўтказиб, бугун 8 нафар ўғил-қизлари, 25 нафар набира ва 11 нафар эвараси ардоғида кексалик гаштини сўрмоқда. Худога шукр, ўғил-қизларининг барчаси турли соҳаларда хизмат қилмоқда. Уйли-жойли, ўзидан тинчиган. Бу серфарзанд оиланинг беш нафари Навоий кон-металлургия комбинати тизимида ишлайди.
Ўзининг оиласи ҳам вилоятимиздаги энг намунали оилалардан бири ҳисобланади. Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи, тажрибали врач-неонатолог Зебо келин билан бирга тўрт нафар фарзанд Шаҳноза, Элбек, Шаҳзод ва Муштарийбонуларни ўзлари сингари илмли этиб тарбиялаб, вояга етказишди. Улар орасида Элбек ота-онаси изидан бориб, тиббиёт соҳасини танлади. Ҳозирда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий марказида ишламоқда. Қолган фарзандлари ҳам олий маълумотли мутахассислар сифатида турли соҳаларда меҳнат қилмоқда. Жумладан, Шаҳноза НКМКда муҳандис, Шаҳзод пойтахтда ҳуқуқшунос, Муштарийбону эса мактаб ўқувчиси. Бу оиланинг шириндан шакар тўрт нафар набираси Нулуфар, Асадбек, Ифора ва Шоҳижаҳонлар уларнинг давомчилари, суюкли овунчоғи.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.