Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Fidjital спорт бўйича Ўзбекистон чемпионати Андижонда старт олди
17:48 / 2025-10-29

Андижон давлат чет тиллари институти спорт залида fidjital спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари бошланди.

Чемпионатнинг дастлабки кунида иштирокчилар fidjital футбол йўналишида беллашди. Унда иштирокчилар аввал рақамли (virtual) майдонда маҳорат синовидан ўтиб, кейин анъанавий мини-футболда реал жисмоний беллашув орқали ғалаба учун кураш олиб борди.

Fidjital спорт – бу рақамли ва жисмоний спортни уйғунлаштирадиган замонавий йўналиш бўлиб, у иштирокчилардан тезкор фикрлаш, стратегия тузиш, жисмоний бардамлик ҳамда жамоавий ҳаракатни талаб этади.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур чемпионат мамлакатимизда инновацион спорт турларига қизиқишни ошириш, ёшларни рақамли дунё ва соғлом турмуш тарзини уйғун қила оладиган янги авлод сифатида тарбиялашга хизмат қилади.

Мусобақа доирасида fidjital баскетбол, Just Dance ва Lasertag йўналишлари бўйича ҳам беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган. 

Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун интерактив машғулотлар, тажриба алмашиш семинарлари ҳамда фаол ёшлар билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

[gallery-25973]

Чемпионатнинг асосий мақсади ёшларнинг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини уйғун ривожлантириш, рақамли технологияларни соғлом турмуш тарзи билан боғлаш ҳамда Ўзбекистонни fidjital спорт соҳасида етакчи давлатлар қаторига чиқаришдан иборат.

Чемпионат 30 октябрга қадар давом этади.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари