Халқаро шахмат федерацияси томонидан 2025 йил октябрь ойи учун эълон қилинган турли ёш тоифалари ТОП-100'ликнинг янгиланган рейтингидан Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар аъзоси жой олди.
Октябрь ойининг эркаклар рейтингида 5 нафар, аёллар рейтингида 2 нафар шахматчимиз, ёшлар рейтингида 2 нафар, ёш шахматчи қизлар рейтингида 3 нафар ҳамюртимиз номи келтириб ўтилди.
Эътиборли жиҳати, маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров катталар рейтингида 2721 очко билан 24-ўринни, ёшлар рўйхатида эса 3-поғонани эгаллади. Афруза Ҳамдамова аёллар рейтингида 2409 очко билан 36-қаторда, ёш шахматчи қизлар ТОП-100 лигида 4-ўринда қайд этилди.
Катталар ўртасида Нодирбек Абдусатторов октябрь рейтингида 2750 очко билан 12-ўринга жойлашди. Нодирбек Ёқуббоев 2689 очко билан ўтган ойдаги 46-ўриндан 40-поғонага кўтарилишга муваффақ бўлди. Рустам Қосимжонов 2671 очко билан 47, Шамсиддин Воҳидов 2640 очко билан 86-қатордан ўрин олди.
Катталар ўртасида жаҳоннинг энг кучли шахматчилари рейтингини ҳамон норвегиялик Магнус Карлсен 2839 очко билан бошқармоқда. АҚШлик Хикару Накамура ва Фабиано Каруана кейинги ўринларда бормоқда.
Шахматчи аёллар рейтингида хитойлик 4 нафар гроссмейстер етакчилик қилаётган вазиятда Афруза Ҳамдамова 36, Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2370 очко билан 69-поғонани банд этиб турибди.
Шахматчи ёш қизлар рейтингида А.Ҳамдамовадан ташқари Гулдона Каримова (2319) 23, Умида Омонова (2289) 49, Мадинабону Халилова 66-ўринни эгаллашга муваффақ бўлишди.
Ёш шахматчи йигитлар рейтингида Жавоҳир Синдоров билан бирга Муҳиддин Мадаминов 2552 очко билан уч қатор пастлаган ҳолда 29-поғонани, Муҳаммадзоҳид Суяров 2487 очко жамғарган вазиятда 71-ўринни эгаллашга эришди.
Т.Рўзиев, ЎзА