Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти Аркадий Дворкович Янги Ўзбекистон университети талабалари билан учрашди.
Мулоқот давомида у замонавий иқтисодий сиёсат ва ёшларнинг глобал жараёнлардаги роли хусусида сўз юритди. Билим ва ташаббус бугунги кунда миллий ривожланишнинг энг муҳим омилларидан эканини таъкидлади. Шунингдек, шахмат нафақат интеллектуал спорт тури, балки мантиқий фикрлаш, стратегик қарор қабул қилиш ва етакчилик қобилияти мактаби эканини қайд этди.
Суҳбат қизиқарли савол-жавоб, баҳс-мунозаралар тарзида ўтди.
[gallery-25183]
Тадбир доирасида Янги Ўзбекистон университети ташаббуси билан Халқаро шахмат академияси ва Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамкорлигида 25–26 апрель кунлари ўтказилган "New Uzbekistan Cup" шахмат турнири ғолибларини тақдирлаш маросими ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керак, мазкур мусобақада 30 дан ортиқ олийгоҳ талабалари иштирок этди. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ёшлари биринчи, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари иккинчи, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети шахматчилари учинчи ўринни эгаллади.
Ақл мусобақаси ғолибларига диплом ҳамда пул мукофотлари тантанали тарзда топширилди.
Камола Юсупова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА