Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФҲДЁдан рўйхатдан ўтмасдан туриб, турмуш қуришнинг ҳуқуқий оқибатлари қандай?
15:17 / 2023-03-15

Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар қадриятларимиздан келиб чиқувчи одоб-ахлоқ қоидалари билан бир қаторда ҳуқуқий қоидалар билан ҳам тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига кўра, оиланинг асоси бўлган никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи, яъни ФҲДЁ томонидан тузилади.  

Хўш, ФҲДЁ органлари орқали рўйхатдан ўтмасдан турмуш қуриш қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин? Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди.  

– Оила кодексининг 13-моддасига кўра, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамият касб этмайди. Диний расм-русумларга асосланиб тузилган никоҳ, жумладан, шаръий никоҳ қонуний ҳисобланмайди. Бундай ҳолларда оила тузилмаган ҳисобланади ҳамда айрим сабабларга кўра, ажрашмоқчи бўлганда тарафлар никоҳдан ажратиш бўйича судга даъво қила олмайдилар.  

Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида рўйхатга олинган пайтдан бошлаб никоҳни тузганлар эр-хотин деб ҳисобланади ва шу пайтдан эътиборан улар ўртасида эр-хотинлик ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келади. Хусусан, никоҳ ФҲДЁ органларидан рўйхатдан ўтказилмас экан, эр ва хотин ўртасида юзага келган муносабатларга оила қонунчилиги нормалари ҳам татбиқ этилмайди. Жумладан, эр ва хотиннинг шаръий никоҳи даврида орттирилган мол-мулки эр ва хотиннинг умумий мулки деб ҳисобланмаслиги мумкин. Шунингдек, никоҳни ҳақиқий эмас, деб топиш оқибатлари ҳам қўлланмайди.  

Оила кодекснинг 56-моддаси 5-қисмида инсофли эр ёки хотин ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган қоидалар бўйича талаб қилишга ҳақли эканлиги кўрсатилган. Ушбу қоида никоҳ суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилганда қўлланилиши мумкинлиги ва бу пайтга қадар никоҳ тузилган бўлиши кераклигини ҳисобга оладиган бўлсак, аслида тузилмаган никоҳни ҳақиқий эмас, деб ҳам топиб бўлмайди.  

Никоҳдан ажралгандан кейин собиқ эр ёки хотиннинг таъминот олиш ҳуқуқи татбиқ этилмайди. Оила кодексининг 118-моддасига биноан етарли маблағга эга бўлган собиқ эр (хотин)дан собиқ хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан бошлаб уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан II гуруҳ ногиронлиги бўлган болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган собиқ хотин ёки ер алимент олиши мумкин.  

Шунингдек, никоҳдан ажралгунга қадар ёки никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб бир йил давомида меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган ёрдамга муҳтож собиқ хотин ёки эр, никоҳдан ажралган пайтдан бошлаб беш йил ичида пенсия ёшига етган ёрдамга муҳтож хотин ёки эр, агар эр-хотин узоқ вақт никоҳда туришган бўлса, суд тартибида алимент талаб қилиш ҳуқуқига эгадир. Ушбу норма ҳам қонуний тартибда никоҳдан ўтган ҳамда никоҳдан ажратилган собиқ эр-хотинларга тегишли ҳисобланади.  

Бундан ташқари, меросга эгалик қилиш борасидаги тартибнинг ўзига хослиги шундаки, қонун бўйича биринчи навбатдаги ворисларга мерос қолдирувчининг болалари, эри ёки хотини ва ота-онаси киради. Бу борада Фуқаролик кодексида кўрсатиб ўтилган.  

Биринчи навбатдаги ворисларга мерос қолдирувчининг болалари, яъни рўйхатдан ўтган ёки унга тенглаштирилган никоҳдан туғилган ўғли ёки қизи тааллуқлидир. Рўйхатдан ўтказилмаган никоҳдан туғилган болалар онанинг вафотидан кейин ҳар қандай ҳолатда, отанинг вафотидан кейин эса қонунда ўрнатилган тартибда оталик белгиланган ҳоллардагина мерос олади.  

Қонун бўйича мерос олувчилар таркибига марҳумнинг бирга яшаган эри ва хотини ҳам мансуб бўлиб, қонуний тартибда бирга яшаган эр ёки хотин эр-хотиннинг умумий мол-мулкидан улуш олиш ҳуқуқига эга бўлади. Умуман олганда, қонун фуқароларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳимоялашни ҳамда давлат ва жамият манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фуқаролар ҳаётидаги муҳим воқеалар – туғилиш, никоҳ тузиш, ўлим ва инсоннинг муҳим субъектив ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг юзага келиши, ўзгариши ва тўхтатишига сабаб бўладиган бошқа ҳолатларнинг ваколатли органларда қайд этилишини белгилайди.  

Фуқаролик ҳолатини қайд этиш фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлишига сабаб бўлиб хизмат қилувчи ҳужжат бериш учун асос бўлади. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этишнинг аҳамияти шундаки, унга асосан ФҲДЁ органи томонидан берилган гувоҳнома ва унда кўрсатилган фактнинг тўғрилигини тасдиқловчи шаксиз далил ҳисобланади. Никоҳ қайд этилганлиги ҳақида гувоҳнома – бу никоҳдан ўтган шахсларнинг эр-хотинлигини тасдиқловчи ва улар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг вужудга келганлигини ифодаловчи ҳужжатдир.  

Гулноза Бобоева, ЎзА