French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФҲДЁ даргоҳидан ҳеч ким норизо қайтмайди
10:45 / 2021-06-18

Доноларда бир гап бор. Баъзи инсонлар бизга чин ҳадядирлар, баъзилари эса дарс. Навоий шаҳар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан муддати ўтган туғилишни қайд этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар орасида 6 ёшни қаршилаган болакайнинг ҳаёти бефарқ қолдирмади.

Ота ичишга муккасидан кетган, онанинг ҳафсаласи пир. Бир қўлида эмаклайдиган қизалоғи, бир қўлида “носоғлом оила”нинг зулмидан аллақачон шикасталанган ўғил. Она шунчалар овораи сарсонки, мурожаати жараёнида “болаларимни боқолмайман, тоғасига топшираман”, деб ҳам қўйди. Бу гапдан инсонман деганнинг оёқ қўли музлайди. Наҳотки, одам ўз фарзандидан шунчалар осон воз кечса...  

Оилавий муаммолар гирдобидаги аёлга ҳуқуқий ва амалий кўмак берилди. Керакли ҳужжатлар жамланди. Пулсизлиги, туғилганлик гувоҳномаси учун тўлов қилолмаслигини тинимсиз айтаётган онанинг на никоҳи бор, на яшаш манзили аниқ. ФҲДЁ хизматига келган сахий одамлар ичидан: “Бугун ўғиллик бўлдим, қувончим ичимга сиғмайди, рухсат беринг, шу бола учун тўловни мен қилай?” деди мурожаатчиларнинг бири. Хуллас, Азизжон Назаров саховатпеша инсоннинг кўмаги билан гувоҳномалик бўлди. Энди мактабга бориш муаммо бўлмайди.

Яна бир тақдир эгаси инсон қалбини ларзага солади. “Мени “Аёллар дафтари”га киритинг”, деб мурожаат қилган Хатирчи туманининг Олтинсой қишлоғидан Лола Исроилова. Чилаш қишлоғилик аёл турмуш ўртоғининг кўзи ожиз бўлсада, унга ногиронлик белгиланмаганлиги, боз устига фуқаролик паспортини ҳам йўқотганини ўз мурожаатида билдирган. Ҳаётда айрим одамлар учун муаммолар занжир каби бир-бирига уланади. 14 йил аввал ота паспортини йўқотганлиги учун аёл 2008 йилда туғилган фарзандига туғилганлик гувоҳномаси ололмаган. Боз устига ўшанда чақалоқ туғруқхонада эмас, уйда туғилган. Демак туғилиш факти аниқ эмас. Ишсизлик ва етишмовчилик, касалманд турмуш ўртоғини “дўхтир”ларга қаратишга “қўли калта"лиги аёлни кўчага чиқишга ундайди.

ДХА Навоий вилояти бошқармаси аралашуви ҳамда Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлими томонидан аёл мурожаатига тезда ечим топилди. Фуқаронинг фарзандига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди. Турмуш ўртоғига фуқаролик паспорти ва ногиронликни белгилаш, ўзини "Аёллар дафтари"га киритиш мурожаати ҳам тегишли идоралар назоратида.

Хулоса шуки, бугун ФҲДЁ даргоҳидан ҳеч ким норизо қайтмайди. 2021 йилнинг 15 июнь ҳолатига Навоий вилоятида 84 нафар фуқарога муддати ўтган туғилиш қайд этилди. 1 июнь ҳолатига кўра, ФҲДЁ бўлимлари томонидан вилоят бўйича 8873 та туғилиш, 2763 та никоҳ, 520 та ажрим, 1859 та ўлим ҳолатлари расмийлаштирилган.

Нодира Самандарова,  

ДХА Навоий вилояти бошқармаси  

матбуот хизмати раҳбари