Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ФҲДЁ: 2 мингдан ортиқ муаммо қандай ечим топди?
15:35 / 2022-01-12

Самарқанд вилояти ФҲДЁ органлари томонидан аҳоли муаммолари доимий ўрганилиб келинмоқда.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизматининг хабарига кўра, вилоятнинг Қўшработ тумани ФҲДЁ бўлими ташкил этган сайёр қабулда бир қанча муаммолар бартараф этилган. Масалан, 20 йилдан буён шаръий никоҳда яшаб келган С.Нахалов ва Н.Мирзаеваларнинг қонуний никоҳдан ўтишда ёрдам сўраб қилган мурожаати ижобий ечим топди. Уларнинг никоҳи қонуний тартибда расмийлаштирилди. Шунингдек, 2021 йил давомида мазкур туманда 1316 та никоҳ қайд қилинган. 57 та шаръий никоҳ асосида яшаб келаётган оила вакилларининг никоҳи эса қонунийлаштирилган.

Каттақўрғон туманининг «Чароғон» маҳалласида яшовчиларнинг асосий қисмини лўли миллатига мансуб аҳоли ташкил қилади. Ҳудудда туғилишни қайд қилиш билан боғлиқ муаммолар кўп. Каттақўрғон туман ФҲДЁ бўлими томонидан маҳаллада ўтказилган сайёр қабулда шу каби муаммолар ўрганилди. Жами 30 мурожаат жойида кўриб чиқилиб, уларни бартараф қилиш чоралари кўрилди. Натижада, 5 нафар боланинг туғилганлик гувоҳномаси топширилиб, бир нечта оиланинг никоҳни қонунийлаштириш борасидаги аризалари рўйхатга олинди.

Оқдарё туман ФҲДЁ бўлими томонидан эса «Фармонобод» қишлоғида ўтказилган саер қабулда Ҳимматовлар оиласининг фуқаролик ҳолати далолатномалари йўқлиги аниқланиб, эр-хотиннинг никоҳи қонуний қайд қилинди. Уларнинг 2020 йилда туғилган фарзандига туғилганлик гувоҳномаси ҳам топширилди.

Маълумот учун, бугунгача вилоятдаги ФҲДЁ органлари масъуллари томонидан жойларда ўтказилган сайёр қабулларда 837 та хонадонда ўрганиш ишлари олиб борилган. Унда 3255 та ҳолатда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари қайд этилмаганлиги аниқланган. Мазкур масала тегишли тартибда кўриб чиқилиб, 2881 нафар фуқаронинг туғилганлик гувоҳномалари расмийлаштирилди. Шунингдек, аниқланган бошқа ҳолатлар бўйича 49 та оиланинг никоҳи қонуний тартибда, 9 та никоҳдан ажралганлик ва 298 та ўлим ҳақида гербли гувоҳномалар ҳужжатлаштирилиб берилди. Уларнинг 567 таси сайёр тартибда фуқароларга топширилган.

 

Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА