Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити индекси Германия иқтисодий фаоллигининг асосий кўрсаткичларидан бири бўлган ИФО институти («IFO Institut») ишбилармонлик муҳити индексининг немис аналоги методологияси бўйича жорий этилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) мамлакат бўйлаб корхоналар ўртасида навбатдаги сўровномани ўтказди.
Марказ мутахассислари берган хабарга кўра, сўровда мингдан ортиқ компания икки йўналиш бўйича иштирок этди. Биринчи йўналиш бизнеснинг жорий ҳолатини сифатли баҳолаш ва тадбиркорларнинг келажакдаги режалари. Иккинчиси эса келгуси уч ой давомида ўз бизнесини ривожлантириш истиқболлари йўналишида бўлди.
Сўров натижаларига кўра, сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 43 фоизи ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини яхши, деб баҳолаган. Бундан ташқари охирги 3 ойда тадбиркорлик ҳолати қандай ўзгарди, деган саволга тадбиркорларнинг 29 фоизи яхшиланди, 53 фоизи ўзгармади, 18 фоизи эса ёмонлашди, деб жавоб берган.
Корхоналарнинг 39 фоизида товарлар ва хизматларга талаб яхшиланди, 22 фоизида эса ходимлар сони ошди, деб маълумот берган.
Шунингдек, тадбиркорларнинг 80 фоизи бизнес истиқболлари яхшиланишини тахмин қилишган. Корхоналарнинг 73 фоизида товар ва хизматларга талаб яхшиланиши, ишчилар сони 68 фоизга ошиши кутилмоқда.
Умуман олганда, ҳозирги ҳолат ва кутилган қийматлар ўртасидаги боғлиқлик, тадбиркорлик субъектларининг фикрига кўра, иқтисодий ривожланишдаги ижобий тенденция келгуси 3 ойда ҳам давом этишини англатади.
Барча респондентларнинг 47 фоизи тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлаган.
Сўровда тадбиркорлар томонидан молиялаштириш, ер участкаларидан фойдаланиш имконияти, солиқ ставкалари, нархларнинг юқорилиги ва хомашё етишмаслиги, талабнинг пастлиги, солиқ маъмуриятчилиги, электр энергияси ва бошқалар асосий масалалар муаммолар сифатида келтириб ўтилган.
Гўзал Сатторова, ЎзА