French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фестивалнинг нуфузи ва кўлами ортмоқда
12:01 / 2023-06-19

Кўҳна ва боқий Бухоро анъанавий “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалига мезбонлик қилди. Уч кун давом этган фестивалда бир қатор давлатлардан маданият ва санъат арбоблари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари, расмий тур-операторлар қатнашди.

Бухоро вилояти ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят Маданият ва туризм бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.

Фестивалда Словакия, Италия, Саудия Арабистони, Иордания, Бангладеш, Туркия, Қувайт, Қатар каби давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналари вакиллари томонидан фестивалда қатнашиш истаги билдирилган. Республика ҳудудлари ва хорижий давлатлардан 200 нафарга яқин ҳунармандлар қатнашди. 

Тадбирларни ёритиб бориш учун матбуот штаби ташкил этилди. Матбуот штабида хорижий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари фаолият олиб борди. Фестивал 30 нафар хорижий ва маҳаллий журналист ҳамда блогерлар томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. 

Тадбирда ХХ анъанавий халқаро “Ипак ва зираворлар” фестивали доирасида “Арк” мажмуасидан “Лаби ҳовуз” мажмуасигача фестиваль қатнашчиларининг тантанали юришлари, “Лаби ҳовуз” мажмуасида фестивалнинг очилиш маросими, Бухоро шаҳрининг эски шаҳар қисми бўйлаб республикамиздаги фольклор жамоаларнинг чиқишлари, ипак ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳамда зираворлар савдоси кўргазмаси бўлиб ўтди. Шунингдек, зардўзлик, темирчилик, ипак гиламлари, каштадўзлик, кандакорлик, бадиий ва миниатюра санъати маҳорат дарслари, фестиваль доирасидаги халқаро илмий-амалий анжуман, “Палов сайли” миллий таомлар танлови, маҳаллий ва хорижий дизайнерлар иштирокида “Silk & Spices Fashion days” махсус модалар намойиши, тасвирий ва амалий санъат миллий галереяси ва сураткашлар кўргазмаси, миллий ва спорт ўйинлари намойиши, фестивалнинг ёпилиш маросимига бағишланган гала-концерт каби асосий тадбирлар ўтказилди.  

[gallery-12387]

Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида  вилоят ҳокими Ботир Зарипов ушбу анжуманнинг халқ амалий санъати ва туризмни ривожлантиришдаги аҳамияти, миллий урф-одат, қадриятлар ва анъаналарни асраб-авайлаш борасида тутган ўрни хусусида тўхталди.

Маълумки, бутун жаҳонда танилган Бухоро минтақамизда энг кўп сайёҳ ва меҳмон ташриф буюрадиган марказлардан бири саналади, – деди вилоят раҳбари ўз сўзида. – Айниқса, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бутун мамлакатимизда, жумладан, Бухорода ҳам янгича ривожланиш босқичини бошлаб берди. 

Бетакрор диёримизда туризмни жадал ривожлантириш мақсадида муҳим ҳужжатлар қабул қилинди. 100 га яқин мамлакатлар аҳолисига Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти берилди. Шунингдек, туризм тараққиётида ягона концепция асосида иш олиб борилаётгани Бухорода ҳам сайёҳлар оқимининг кескин кўпайишига замин яратди.  Бунинг самараси ўлароқ бутун дунёда Ўзбекистон, жумладан, Бухоро билан, унинг бой тарихий мероси билан танишиш иштиёқи кучайди.  Айниқса, Франция, Италия, Испания, Германия, Япония, Корея, Туркия, Индонезия, Малайзия, Америка, Хитой, Ҳиндистон, Россия давлатлари ва қўшни мамлакатлардан Бухорога келадиган сайёҳлар сони кескин кўпайди. Бухорода туризм салоҳиятини ошириш мақсадида сайёҳлар ва меҳмонлар учун юқори сифатли хизмат турлари йўлга қўйилди. Янги меҳмонхоналар, ресторанлар, истироҳат боғлари ва кўплаб туристик инфратузилма объектлари барпо этилди. Бу эса айни дамда ўтаётган ва халқимизга байрамона кайфият улашаётган “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивалини ташкил қилишда ўзига хос дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 

Халқаро миқёсда эътироф этилиб, бугун 20-маротаба ўтказилаётган “Ипак ва зираворлар” фестивалининг айнан Бухорода ўтказилишида рамзий маъно бор албатта.

Бухорода пилла ва ипак маҳсулотлари етиштириш, ипак матолар тўқиш ва уларга ранг бериш, каштачилик анъанасини ривожлантириш бўйича бой тажриба шаклланган. Анъанавий фестивалимиз бу борадаги изланишларга йиллар давомида қанот бағишлаб келмоқда. Ипак матолардан янгича дизайндаги либослар, уй-рўзғор ашёлари, совға ва сувенирлар яратиш уста-ҳунармандларимиз фаолиятининг муҳим қисмига айланди. Шу билан бирга бу анжуман маданият ва санъат йўналишларидаги анъаналарни қайта тиклаш, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

– Бу йилги фестивалда 20 га яқин хорижий  мамлакатлардан 500 дан ортиқ иштирокчилар, 10 дан ортиқ хорижий мамлакатлардан ҳунармандлар, қолаверса, республикамизнинг барча ҳудудларидан 1,5 мингдан ортиқ усталар ўзларининг ипак ва зиравор маҳсулотлари билан қатнашгани тадбирнинг нуфузи ва кўлами кенгайиб бораётганидан  далолатдир, – деди Ботир Зарипов. – Хорижий мамлакатлар элчихоналари, дипломатик корпус вакиллари, Бутун жаҳон ҳунармандлар ассоциацияси раҳбарияти, хорижлик меҳмонларимизга, Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва бошқа республика ҳамда вилоятлардан ташриф буюрган маҳоратли касб эгалари – ҳунармандларимизга ўзимнинг  миннатдорлигимни билдираман. Шу билан бирга, “Ипак ва зираворлар” фестивалини мана шундай қизиқарли ва мазмунли ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Маданият ва туризм, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Миллий гвардия, Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ташаккур изҳор қиламан. Ўйлайманки, Бухорода бўлиш сизларда улкан таассурот қолдирди ва биз сизларни яна Бухорода кутишдан мамнун бўламиз.

Шундан сўнг, фестиваль концерт дастури намойиш қилинди. Вилоят фольклор-этнографик жамоаларининг чиқишлари, тарихий, бадиий-композицион кўринишлар намойиш этилди. Хушовоз хонандаларнинг куй-қўшиқлари эса йиғилганларга хушкайфият бағишлади. Фестиваль якунида ўтказилган мушакбозлик  барчага манзур бўлди.

 

Зариф Комилов, 

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА