Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фестиваллар таассуротларга бой бўлмоқда
17:25 / 2022-09-30

Мўйноқ тумани ва Нукус шаҳрида Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция, “Орол ва Мўйноқнинг қайта тикланиши” халқаро экофестивали, “Орол балиқларидан 99 хил таом” гастрономик фестивали ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Мўйноқ аэропортида маҳаллий ва хорижий меҳмонлар, тадбирларни ёритиш учун ташриф буюрган оммавий ахборот воситалари вакиллари тантанали кутиб олинди. Иштирокчилар туманнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

Халқаро конференция иштирокчилари тумандаги Сулаймон Боқирғоний мақбарасини зиёрат қилди ва у ерда олиб борилаётган археологик қазилма ишлари билан танишди. Археологик қазилма ишлари давомида топилган буюмлар намойиш этилди. Шу куннинг ўзида “Орол балиқларидан 99 хил таом” гастрономик фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Танлов якунида Беруний тумани ошпазлари биринчи, Қўнғирот тумани ошпазлари иккинчи, Амударё тумани ошпазлари учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, “Энг ёш ошпаз”, “Энг тажрибали уй бекаси” “Энг зўр безатилган балиқ таоми”, “Энг замонавий балиқ таоми”, “Энг тарихий балиқли таом”, “Энг зўр безатилган дастурхон” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, тақдирланди.

[gallery-8985]

– Балиқдан тайёрланган 50 дан зиёд таом билан иштирок этиб, биринчи ўринни қўлга киритдик, – дейди Беруний туманидан ошпаз Ҳайитбой Қозиёв. – Мўйноқликларнинг таъкидлашича, балиқдан юздан зиёд таом тайёрлаш мумкин. Келажакда балиқдан тайёрланадиган таом турини кўпайтириб борамиз. Энг асосийси ушбу таомларнинг ҳар бири инсон саломатлиги учун фойдалидир.

Фестиваль таниқли санъат усталари ва эстрада юлдузлари иштирокидаги гала концерт билан якунланди.

Нукус шаҳрида Сулаймон Боқирғоний таваллудининг 900 йиллигига бағишланган халқаро конференция давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА