Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фестиваль ёшларга янги ғоя, янги ташаббусга мотивация беради
13:08 / 2021-06-18

Навоий шаҳрида “Ёшлар ойлиги” доирасида “Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” шиори остида ўтказилаётган Ёшлар фестивалининг иккинчи кунида ҳам турли маънавий-маърифий тадбирлар, ёшлар билан учрашувлар, спорт мусобақаларига алоҳида ўрин ажратилган эди. Фестивалнинг биринчи кунида 16 та лойиҳа доирасида тадбирлар ташкил этилган бўлса, иккинчи кунда ҳам ёшлар қатор лойиҳаларда иштирок этди.

Навоий вилояти ҳокими Кобул Турсунов шаҳардаги Маърифат боғида давом этаётган Ёшлар фестивали байрам дастурига ташриф буюрди. Ҳоким фестиваль доирасида ташкил этилган бешта муҳим ташаббус бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган ёшларнинг иш намуналари билан танишди.  

“Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” шиори остидаги фестивалнинг "Илм-маърифат боғи"да ўтаётган "Дуэл" шеърлар танлови, "Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз" лойиҳаси ҳам барчада катта таассурот қолдирган бўлса, НКМКга қарашли “Сўғдиёна” спорт саройида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан ташриф буюрган спортчи ёшлар волейбол бўйича "Ҳоким кубоги"да беллашдилар.  

“Фарҳод” маданият саройида Навоий давлат педагогика институти талаба-ёшлар театри студияси томонидан Насрулло Қобулнинг "Тўда" спектакли намойиш этилди. Билиб-билмай ғафлат таъсирига тушган, оғу йўлига адашиб кириб қолган ёшларга бу йўл боши берк кўча экани, вақтида бу йўлдан қайтиб, ҳалол меҳнат қилиб фаол ҳаётга қайтишни тарғиб қилувчи мазкур драма томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида “НКМК тарихи” музейида “Замонамиз қаҳрамонлари” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон Қаҳрамонлари билан учрашув бўлиб ўтди.

[gallery-2835]

Бугунги кунда Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак унвонга сазовор бўлган замонамиз қаҳрамонларининг уч нафари Навоий кон-металлургия комбинатида меҳнат қилмоқда. Учрашувда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қувондиқ Санақулов ҳамда Марказий кон бошқармаси ходими, Ўзбекистон Қаҳрамони Фарҳод Сойибовлар иштирок этиб, ёшларга ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти ҳақида гапириб берди.  

– Бугунги ёшларимизга том маънода ҳавасимиз келади, – дейди Қ.Санақулов. – Ёшларимиз учун давлатимиз раҳбари томонидан барча имконият ва шароитлар яратиб берилмоқда. Сизлардан фақат ва фақат билим олиш, эгаллаган билимингизни эса амалиётда қўллаб, меҳнат қилиш талаб этилади, холос. Меҳнат инсонни улуғлаб келган. Меҳнатдан ҳеч қачон бўйин товламаслик лозим. Шу билан бирга, ҳеч қачон бировга ёмонликни раво кўрмаслик керак. Бу хислатлар эса шубҳасиз, мувафаққиятларнинг бош омили бўлиб хизмат қилади.

Шунингдек, Шимолий кон бошқармаси ходими, Ўзбекистон Қаҳрамони Анатолий Панин ҳам видеоролик орқали ёш авлод вакилларига дил изҳорини йўллади. Албатта, бу инсонлар босиб ўтган шарафли йўл барча ёшларимиз учун ибратдир. Учрашув қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Ёшларга комбинат ташаббуси билан нашр этилган китоблар совға қилинди.

“Янги Ўзбекистон ёшлари – бирлашайлик!” ёшлар фестивали Сўғдиёна ўйингоҳида ИИБ ходимлари ва миллий гвардиячиларнинг кўргазмали чиқишлари билан давом этди.

Фестивалнинг иккинчи кунидаги гала концерт дастури эса шаҳар марказидаги “Ёшлар кўли”да қурилган саҳнада бўлиб ўтди. Унда “Баҳор” симфоник оркестри ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов жонли ижрода куйлаб, барчага кўтаринки кайфият бағишлади.

Ёшлар фестивали доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА