Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фестивал ёш истеъдодларни кашф этди
16:23 / 2022-08-01

Бухорода “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда  6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ижодкор болалар  иштирок этди. 

“Минглаб иқтидорларни кашф этамиз” шиори остида ўтказилган фестивалда қўшиқ ва мусиқа, миллий чолғу асбоблари, рақс, тасвирий санъат ва амалий графика, зардўзлик, кулолчилик, наққошлик, дизайнерлик, каштачилик, назм ва наср каби олти йўналиш жами 18 та номинация бўйича иштирок этган ўғил-қизлар ўзлари танлаган соҳада истеъдод ва маҳоратини намойиш қилди.

[gallery-8092]

Мазкур танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ёш тоифасига кўра жами 1 минг 470 нафар ўғил-қиз иштирок этгани танловга бўлган қизиқиш йил сайин ошиб бораётганидан далолат беради, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти Кенгаши раиси Миршод Очилов. – Шулар ичидан тенгдошларига нисбатан бироз устунликка эришган 224 нафар ўғил-қиз вилоят босқичида ўз имкониятини намойиш этди. Танлов шартига мувофиқ, икки қисмда Бухоро Ёшлар маркази ва Бухоро шаҳридаги 1-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган синовлар, ўғил-қизлар тайёрлаган жажжи санъат намуналари нуфузли ҳайъат аъзолари томонидан баҳолаб борилди.

Қизғин кечган баҳслар ва маҳорат намойишларидан сўнг йўналишлар бўйича жами 54 нафар ғолиб номи аниқланди. 

Улардан алоҳида баҳсга киришилган 18 та номинацияда истеъдодини намоён қилган ёш иқтидор эгаси “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалининг лауреати деган мақомга эга бўлди. Улар орасида  қўшиқчиликда Самир Эргашев, анъанавий мусиқа ижрочилигида Шаҳзода Жалолова, тасвирий санъатда  Муродбек Қаҳрамонов, кулолчиликда Абдунасим Эшмуродов, эстрада чолғу ижрочилигида Жавоҳир Нажмиддинов, торли чолғулар йўналишида Паризода Усмонова, зардўзлик ва  қуроқчилик йўналишида Шаҳзода Қаҳҳорова сингари иқтидор эгалари бор.  

“Камалак юлдузлари” танловининг вилоят босқичида ғолиб ва совриндор бўлган ёш истеъдод эгалари ташкилотчилар томонидан диплом, статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА