Ватанимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Умуммиллий бирдамлик” фестивали тадбирлари Гулистон шаҳридаги Тўра Сулаймон номидаги ёзги амфитеатрда, шунингдек, вилоятнинг бир қанча туман, шаҳар ва маҳаллаларида бўлиб ўтди.
Фестиваль доирасида тўққизта ижтимоий ва маънавий лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, “Инсон қадри” ташаббуси асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 50 дан зиёд совғалар топширилди, “Китоб марафони” доирасида аҳолига 350 дан ортиқ бадиий адабиёт улашилди.
Шунингдек, “Шижоат”, “Фаровон ҳаётга илк қадам”, “Дилдаги гаплар”, “Бахтли болалик шарафига” каби ташаббуслар кенг жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Фестиваль тадбирлари Гулистон ва Ширин шаҳарлари ҳамда Мирзаобод, Сирдарё, Боёвут туманларини қамраб олди. Олимлар, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат вакиллари иштирок этган маънавий-маърифий учрашувлар 94 та маҳаллада ўтказилиб, уларга 9 мингдан зиёд аҳоли, жумладан, ёшлар қатнашди.

— Бу тадбирлар аҳолида кўтаринки руҳ ва жипслик туйғуларини мустаҳкамлади, — деди Республика маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлимининг раҳбари Мурод Ҳайитов.
Фестивалда фалсафа фанлари доктори, профессор, шоирa Сайёра Тўйчиева сўзга чиқиб, мустақиллик йилларида мамлакатимиз қўлга киритган ютуқлар, кейинги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва ёшларга яратилаётган кенг имкониятлар ҳақида фикр билдирди.

Тадбирда иштирок этган “Миллий тикланиш” демократик партияси Сирдарё вилоят бўлими раиси, халқ депутатлари Кенгаши депутати Норбобо Соатов ҳам фестивалнинг аҳамиятига тўхталиб: — Мустақиллик — халқимизнинг тарихий ғалабаси, миллий тикланиш ва бирдамликнинг асосий манбаидир. Бу каби фестиваллар ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлайди, — деди у.
Фестивалнинг сўнгги қисмида Ўзбекистон халқ артисти Одина Ғозиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турғун Бекназаров, хонанда Азиз Ражабий ҳамда истеъдодли ёшлар қатнашчиларга байрамона концерт дастурини тақдим этишди.
“Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтган фестиваль Сирдарё аҳолиси қалбида юртга муҳаббат, шукроналик ва умуммиллий бирдамлик туйғуларини янада мустаҳкамлади.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири