Андижон вилояти Бўстон туманида “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида дўстлик фестивали бўлиб ўтди.
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилган фестивалнинг очилиш маросимида мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланганлиги, хусусан, юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун йўли билан ҳимояланганлиги, уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун зарур шароитлар яратиб берилганлиги, юртимизда Халқлар дўстлиги куни белгиланиб, байрам сифатида кенг нишонланаётганлиги таъкидланди.
– Ўтказилаётган фестиваль юртимизда, вилоятимизда миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, – дейди Бўстон тумани ҳокими Санобархон Носирова. – Мақсадимиз Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларни Она Ватанимиз тинчлиги, равнақини таъминлаш йўлида бирлаштиришдир.
[gallery-8383]
Фестивалда ўзбек, қирғиз, рус, тожик ва бошқа миллат вакиллари томонидан миллий анъаналар, либос ва таомлар кўргазмалари намойиш этилди. Турли тилларда ижро этилган қўшиқ, куй ва рақслар иштирокчиларга хуш ва байрамона кайфият улашди.
Тадбир сўнггида жамиятимиз ривожи ва миллатлараро дўстликни мустаҳкамлаш ишига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ турли миллат вакилларига “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (фото), ЎзА