Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Кўкдала қўрғонида ёшлар фестивали доирасида "Чироқчи ёшларни севади!" шиори остида тадбир ўтказилди.
Иштирокчиларни бахшилару ҳунармандлар, спортчилар, иккинчи томондан китоблар кўргазмаси, бошқа тарафда эса боғчалар ҳаёти акс этган кўргазма кутиб олди. Тўрт томонда қад ростлаган палаткаларнинг бирида “Илҳақ” фильми намойиш қилинган бўлса, бошқасида фольклор жамоаларнинг чиқишлари даврани файзиёб айлади.
Ўзбекистон ва буюк бобомиз Амир Темур байроғини кўтарганча қўр тўкиб кириб келган отлиқлар қатнашчиларнинг хуш кайфиятига шижоат қўшди.
Вилоят ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги мутасаддилари, пойтахтимизда яшаб, ижод қилаётган қашқадарёлик маданият ва санъат соҳаси вакиллари ёшларнинг меҳмони бўлишди.
Фестивалда иштирок этаётган чироқчилик ёшларда замонавий ҳарбий техника воситалари ва қурол-аслаҳалар кўргазмалари катта таассурот қолдирди. Фестивал доирасида Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлар қўмондони ва ёшлар иштирокида "Қўмондон ва ёшлар учрашуви" ҳам бўлиб ўтди.
Кўпчиликка севимли бўлиб улгурган хонанда Адҳам Солиев ўз касбини ўзгартириб, тадбирга бошловчилик қилгани, Фарҳод Абдуллаев, Замира Суюнова, Адҳам Солиев, Асадулла Набиев, Умрзоқ Қувватов, Воҳиджон Исоқов, Шарофиддин Муродов каби қашқадарёлик санъаткорлар томонидан ижро этилган монолог ва куй-қўшиқлар, ҳарбий хизматчиларнинг жанговор чиқишлари барчага манзур бўлди.
Фестивалда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев мамлакатимизда ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик, пухта билим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имконият яратилаётганини таъкидлади.
Чироқчи осмонини нурафшон этган мушакбозликдан сўнг жонли ижродаги куй-қўшиқлар гулхан атрофида давом этди. Ёшлар мириқиб рақсларга тушиб, санъаткорларга қўшилиб қўшиқ айтиб, селфи қилиб яйрадилар. Фестивал баҳонасида қизиқишларига қўшимча мотивация, муаммоларига ечим топдилар.
Ў.БАРОТОВ, ЎзА