Зулфияхоним издошлари
Юртимизда иқтидорли ва фаол қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти танлови ўтган йиллар давомида маданият, санъат, фан, таълим, адабиёт ва жамоатчилик йўналишларида ёш иқтидор соҳибаларини кашф этмоқда.
Жумладан, ўтган йиллар давомида мамлакатимизнинг юзлаб истеъдодли қизлари ана шу юксак мукофот соҳибига айланди. Жорий йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган ёшлар орасида андижонлик, Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институти талабаси Феруза Абдукаримова ҳам бор. Ана шу юксак мукофотга санъатнинг анъанавий хонандалик йўналиши бўйича сазовор бўлган истеъдод соҳибаси Феруза Абдукаримова изланувчан, юртимизнинг фаол ёшларидан бири. У нафақат санъатга, балки турли фанларни пухта ўзлаштиришга, хорижий тилларни ўрганишга, спортга ҳам катта қизиқиш билан қарайди. Унинг хонандалик санъатига қизиқиши ўзгача, болалигиданоқ мурғак қалбига қўшиқчиликка бўлган муҳаббат муҳрлаган.
[gallery-10953]
Мактабда, кейинчалик санъат мактабида ўқиб юрган даврлардаёқ ўзининг чиройли қўшиқлари, хонандалик маҳорати билан устозлари, мутахассислар эътирофига сазовор бўлган. У бир қатор ижодий танловларда фаол қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди. Ундаги истеъдод йиллар давомида ўсиб, тобланиб борди. Айниқса, Юнус Ражабий номидаги ўзбек миллий мусиқа санъати институтида устозларидан соҳанинг сир-асрорларини ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан чуқур ўрганди. У Фарғона-Тошкент, Хоразм мақомлари йўналишидаги халқ қўшиқларини дутор жўрлигида маҳорат билан ижро этади.
Жумладан, унинг ижросида “Шашмақом”, “Талқинчаи савти чоргоҳ”, “Савти сувора”, “О, ё”, “Эшвой”, “Не наво” каби қўшиқларни тинглаган ҳар қандай кишининг қалби қўшиқ сеҳрига мафтун бўлади, ижрочининг маҳоратига юқори баҳо беради. Феруза турли йилларда “Лидер қизлар”, “Ёшлар овози”, “Мақом – 2021” фестиваллари ва бошқа қатор танловларда иштирок этиб ғолиблар сафидан ўрин олди. Аъло ўқиши ва фаоллиги учун 2022 йилда Ислом Каримов номли давлат стипендиясига сазовор бўлди. Айниқса, Феруза санъат, анъанавий хонандалик йўналишидаги халқаро танловлардаги иштироки билан ўзбек қўшиқчилигининг ўзига хос анъаналарини халқаро миқёсда тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўзбек қизи ижросидаги мумтоз асарлар халқаро кўрик-танловлар ва фестивалларда янграгани ва эътироф этилгани эса қалбларимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Феруза Абдукаримова Россияда бўлиб ўтган “Global talents”, Тошкентда ўтказилган “Open Asia – 2022” халқаро кўрик-танловларининг “Миллий вокал” номинациялари бўйича иккинчи ўринни эгаллаб, махсус дипломларга сазовор бўлди. Ўтган йили Туркияда бўлиб ўтган “Magnificent Istanbul” халқаро кўрик-танловида Феруза ижро маҳорати, ўзбек қўшиқчилигининг ўзига хос жиҳатларини юксак даражада намойиш этиб, танловнинг мутлақ ғолиби бўлди, гран-при мукофоти билан тақдирланди.
Феруза юртимиз ҳамда хорижда чоп этиладиган нашрлардаги “Мақомни дунёга танитамиз”, “Юнус Ражабийни хотирлаб”, “Мумтоз мерос устаси”, “Устозларнинг муносиб давомчилари” каби ўнлаб мақолалари билан ўзбек қўшиқчилик санъати анъаналари, улуғ дарғалар фаолиятини кенг тарғиб этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, Феруза ўзбек мумтоз қўшиқларини юксак маҳорат билан ижро эта оладиган, шу билан бирга, миллий қўшиқчилигимизни дунёга танитаётган ёрқин истеъдод соҳибаларидан биридир.
– Қўшиқчилик санъати жону дилим, ҳаётимнинг мазмуни, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Феруза Абдукаримова. – Мен энг аввало, юртимизнинг истеъдодли қизлари учун таъсис этилган ушбу юксак мукофотга муносиб кўрилганлигимдан беҳад мамнунман. Қолаверса, ушбу мукофот зиммамга юксак масъулият юклайди. Келажакда ўз ижодим, меҳнатим билан она Ватанимиз равнақи, санъатимиз ривожи учун хизмат қиладиган инсон бўлишга ҳаракат қиламан. Истеъдод ва иқтидор соҳибаси Феруза Абдукаримованинг дилидаги самимий ниятлари албатта, ижобат бўлади. Чунки унда ғайрат, шижоат, интилиш бор, қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари мужассам, кўзларида эса эртанги кунга ишонч ва умид порлаб турибди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА