Сирдарё вилоят болалар кутубхонасида “Озод ўлка майдони” фермер хўжалиги раҳбари Отабек Эгамбердиевнинг 70 йиллик юбилейи ҳамда у кишининг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
“Янги Сирдарё – Новая Сырдарья” газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов,Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлимининг раиси Бойжигит Абдуллаев, таниқли журналист Суюн Намозов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг раҳбари Норинсо Қосимова ва бошқалар бундай мазмундаги китоблар ёшлар учун ҳаёт мактаби, меҳнат қаҳрамонларининг тажрибасини ёритиш ижодкорлар олдидаги муқаддас бурч эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, педагоглар оиласида вояга етган, китобхонлик маданияти юксак бўлган Отабек аканинг ҳаёт йўли барчага ибрат. Агрономлик касби орқали юрт тараққиётига ҳисса қўшган бу инсон турли қийинчиликлар ва синовларга қарамай, юксак натижаларга эришган. Унинг заҳматлари натижасида Сардоба туманида фермерлар сулоласи шаклланди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар китоб қаҳрамонининг тумандаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини, ёшлар ва эҳтиёжманд оилаларга кўрсатаётган ёрдамини таърифлаб, ўзларининг самимий тилакларини билдиришди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири