English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермернинг ери ноқонуний олиб қўйилганми?
11:12 / 2021-05-12

ЎзА таҳририятига Қашқадарё вилояти Нишон туманида яшовчи фуқаро Ғайрат Турдиев томонидан мурожаат келиб тушди. Унда Ғ.Турдиев илгари фермерлик фаолияти билан шуғуллангани, аммо Нишон тумани ҳокими унинг ер майдонини узоқ йиллик ижара шартномаси бўлишига қарамай ноқонуний олиб қўйгани ва бошқа фермер хўжалигига қўшиб юборгани таъкидланган.

Хўш, мурожаатда келтирилган важлар қанчалик асосли? Бунга аниқлик киритиш мақсадида Нишон туманида бўлдик ва дастлаб мурожаатчи билан учрашдик.  

– 2015 йилда туман ҳокимининг қарори билан ажратилган ерда “Дўстлик маржони” фермер хўжалигини ташкил қилиб фаолиятимни бошладим, – дейди Ғайрат Турдиев. – Икки йил ишладим. Пахта ва ғалла бўйича белгиланган режалар ортиғи билан бажарилди. Аммо 2018 йил февраль ойида туман ҳокими ноқонуний равишда менга ўхшаган бир нечта ери кам фермерларнинг ерларини туман кенгаши сессияси кун тартибига қўйиб тугатиб юборди. Ўша йилда 6 ой давомида ерни ишлата олмадик. Кейин шикоят қилиб Олий Мажлисгача бордик. Сентябрь ойида ерларимиз қайтариб берилди. Ерни қайтариб олгач ишни бошладик ва ерга уруғ сепдик. Лекин яна 2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарорини рўкач қилиб еримизни яна олиб қўйди. Шундан буён сарсонман. Бормаган жойим қолмаяпти. Туман ҳокимлигига ўн марталаб мурожаат қилдим. Ҳокимлик еринг қўшилган фермердан ариза олиб кел, дейди. Фермер эса ерни беришни истамайди.  

Ушбу масалага алоқадор ҳужжатлар билан танишиб чиқдик. Ҳақиқатдан ҳам фуқаро Ғайрат Турдиевга тумандаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 2015 йил 24 ноябрда туман ҳокими Мухтор Ҳайитмуродовнинг  Х-1329/11-сонли қарори билан 49 йил муддатга 38 гектар ер майдони ажратилган.  

2018 йил 5 февралда эса Нишон тумани ҳокими А.Жўраевнинг (М.Ҳайитмуродовдан кейин тайинланган) Халқ депутатлари Нишон туман кенгашининг 2018 йил 2 февралдаги 106/44-05-сонли “Тумандаги самарасиз ва паст рентабелли ишлаётган фермер хўжаликлари билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган “Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси”ни муддатидан олдин бекор қилиш ва ер майдонларини туман ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтариш тўғрисида”ги қароридан келиб чиқиб, туманнинг “Наврўз” қишлоқ фуқаролар йиғини (Дўстлик ММТП) ҳудудидаги “Дўстлик маржони” фермер хўжалигининг 38 гектар ер участкасини туман ҳокимлиги захирага ер фондига қайтариш ва ижара шартномасини бекор қилиш тўғрисида”ги Х-200/02-сонли қарори чиқарилган.  

Шундан сўнг ушбу қарордан норози бўлган фермерлар юқори турувчи органларга шикоят қилади. Натижада 2018 йилнинг 10 августида Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгаши раиси З.Рўзиев (собиқ вилоят ҳокими) номига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасидан 10/5464, 5574-сонли хат келади.  

Жумладан, хатда шундай дейилган: “Ушбу мурожаатларда кўрсатилишича, халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Нишон туман кенгаши Нишон тумани, "Наврўз" ҚФЙ ҳудудидаги “Самандар нур”, “Нишон Бектош” ва “Дўстлик Маржони” фермер хўжаликлари ерлари ёлғон маълумотларга асосланиб амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда 2018 йил 2 февралда 106/44-05-сонли қарори билан туман захира ер фондига қайтарилган. ...Юқоридагиларга асосан халқ депутатлари Нишон туман кенгашининг 2018 йил 2 февралдаги “Тумандаги самарасиз ва паст рентабел билан фаолият юритаётган фермер хўжаликлари билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган “Ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномаси”ни муддатидан олдин бекор қилиш ва ер майдонларини туман ҳокимлиги захира ер фонди ҳисобига қайтариш тўғрисида”ги 106/44-05-сонли қарорини бекор қилиш масаласини вилоят Кенгаши сессияси муҳокамасига қўйиб, уни қонуний ҳал қилинишини таъминлашингизни тавсия этамиз”.

Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида туман кенгашининг сессияси бўлиб ўтади ва 2018 йилнинг 24 сентябрида туман ҳокими М.Ҳайитмуродовнинг (бироз муддатдан кейин М.Ҳайитмуродов яна Нишон тумани ҳокимлигига тайинланган) ўтказилган сессия қароридан келиб чиқиб, собиқ туман ҳокими А.Жўраевнинг юқоридаги Х-200/02-сонли қарорини бекор қилиниши ҳақидаги

Х-2016/09-сонли қарори қабул қилинади ва туман заҳирасига олиб қўйилган ерлар ўз эгаларига қайтарилади.  

Адолат тикланганидан қувонган фермерлар яна ерга меҳр бериб, ишни бошлайди. Улар қатори Ғайрат Турдиев ҳам қайтариб олган ерининг 25 гектарига буғдой уруғини сепади. Раҳбариятга ўзини кўрсатиб қўйиш мақсадида давлат берган уруғлик ва менерал ўғитларга кўнгли тўлмай ёнидан маблағ сарфлаб қўшимча ҳам қилади. Қилинган меҳнат ўз натижасини бериб, яхши ният билан сепилган уруғ бекаму кўст кўкариб чиқади. Шу билан 2018 йил муваффақиятли якунланади. Аммо 2019 йилнинг боши фермерлар учун яна қайғули бошланади.

Яъни 2019 йил 22 январда Халқ депутатлари Нишон тумант кенгашининг “Тумандаги фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда фермер хўжалиги юритишга ер майдони ажратиш учун ўтказилган очиқ танлов якунлари ҳақида”ги 163/60-05-сонли қарори қабул қилинади.  

Жумладан, қарорга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 14-сонли қарори асос қилиб олинади.

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори 4-иловасида: “Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш жараёнида қуйидаги ҳолатларда қишлоқ хўжалиги корхоналари билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинади:

– ер участкасидан қонун ҳужжатларида, ижарага олиш шартномасида кўрсатилган талаблар ва қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш шартлари бузилганда ҳамда мақсадли, самарали ва оқилона фойдаланилмаганда;

– ер участкасини сақлаш шартларига ва сувдан фойдаланиш тартибига риоя этилмаганда, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрилмаганда, шунингдек, ушбу мақсадлар учун ўз маблағларини ажратмаганда;

– ер участкалари майдонлари узоқ муддатли ер ижара шартномасида белгиланган ўлчамларга нисбатан камайтириб юборилганда, суғориладиган майдонларга асоссиз равишда бино-иншоотлар қурилганда ёки бошқа турдаги зарар етказилганда;

– қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлашда агротехника тадбирлари ўз вақтида амалга оширилмаганда ёки белгиланган талабларга риоя этилмаганда ва норматив кадастр баҳосидан паст ҳосил олинганда;

– давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан тузилган контрактация шартномалари шартлари сўнгги уч йилда бажарилмаганда, хўжалик фаолияти самарасиз ёки паст рентабеллик билан юритилганда;

– меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилган қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилмаганда, ишчи — ходимлар, шу жумладан, фермер хўжалигида меҳнат қиладиган оила аъзолари, вақтинча (мавсумий) ёлланадиган фуқаролар учун меҳнат хавфсизлиги шартлари таъминланмаганда;

– солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шунингдек етказиб берилган моддий-техника ресурслар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда, сўнгги уч йил давомида етиштирилган маҳсулотларни сотишдан тушадиган маблағлар банк ҳисобварақларида айланиши таъминламаганда;

– фермер хўжалигини юритиш учун ер участкасини бериш бўйича ўтказилган очиқ танловда кўрсатилган мол-мулк, техника ва пул маблағлари хўжаликнинг устав фондига киритилмаганда...” дея таъкидланган.  

Ушбу қарор талабларидан келиб чиқадиган бўлсак, “Дўстлик маржони” фермер хўжалиги ташкил қилинган 2015 йилдан 2018 йилгача бўлган кўрсаткичларини таҳлил қилиб кўрамиз.  

Нишон туман статистика бўлимидан олинган маълумотга кўра, 2016-2017 йилларда хўжалик томонидан ғалла топшириш режаси 100-103 фоизга бажарилган. Пахта топшириш режаси эса 2016 йилда 86,5 фоизга, 2017 йилда 89,2 фоизга бажарилган. Пахта топшириш кўрсаткичлари пасайишини Ғайтар Турдиев шартномада ер ортиқча ҳисоблангани, амалда эса чигит экилган экин майдони белгиланганидан 3 гектар кам эканлигини, буни Нишон туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими текшириш ўтказиб аниқлагани билан изоҳлади ва аниқлангани тўғрисидаги ҳужжатни ҳам тақдим қилди.

Фермер хўжалиги фаолияти хусусида тўпланган ҳужжатлардан келиб чиқадиган бўлсак, ер олиб қўйиш масаласида адолатсизлик билан қарор чиқарилгани ойдинлашмоқда. Ғ.Турдиевнинг таъкидлашича, ерини туман захирасига қайтариш бўйича ариза ҳам олинмаган, огоҳлантириш ҳам берилмаган.  

Хўш, туман масъуллари ушбу ҳолатни қандай изоҳлайди.

Дастлаб, туман ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Усмон Нормўминов билан учрашдик. Афсуски, ушбу масъулдан тайинли жавоб ололмадик.  

Усмон Нормўминов ерни бериш бермаслик унинг ваколатига кирмаслигини, туман ҳокими ва тегишли масъуллар бу масалани ечишини, агар фуқаро ҳокимлик чиқарган қарордан норози бўлса, судга мурожаат қилишини, ҳақ бўлса суд унинг фойдасига қарор чиқаришса, муаммосиз ерини қайтариб олишини таъкидлади.  

Шундан сўнг туман ҳокими Мухтор Ҳайитмуродов билан учрашдик. Ҳоким оптималлаштириш бўйича ерлар фермер хўжалиги раҳбарларининг ўз аризасига кўра, қонуний равишда олинганини айтиб ўтди. Туман раҳбари ҳам чиқарилган қарордан норози бўлса, ҳокимликни судга беришга урғу берди.  

Қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосар ва туман раҳбари таъкидлаган ўша Ғ.Турдиевнинг ўз розилиги билан ёзган аризаси эса афсуски ҳокимликнинг ҳеч бир архивидан топилмади.  

Хуллас, ўрганилган ҳужжатлар ва аниқланган маълумотларга таянадиган бўлсак, Ғ.Турдиевнинг изиллаб идорама-идора югуришида ҳам жон бордек.  

Президентимиз таъкидлаганидек, тадбиркорлик қиламан, битта бўлса ҳам иш ўрни яратаман, фермерлик қиламан деган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шароит яратиб бериш керак. Ерим ноқонуний олиб қўйилган деб мурожаат қилган Ғ.Турдиев ҳам ҳалол меҳнат қилмоқчи. Агар унга ери қайтариб берилса камида 5-10 киши ишли бўлади. Бу дегани шунча оила маълум бир даромадга эга бўлади, фаровонлиги ошади.  

Шундай экан мазкур масалани вилоят ва туман мутасаддилари жойида ҳал этиш чораларини кўрса мақсадга мувофиқ бўларди.  

 

Ў.БАРОТОВ, ЎзА