Фермернинг экспорт борасидаги мулоҳазалари қанчалик ҳақиқат
Мамлакатимизда маҳсулот экспорти билан шуғулланувчиларга турли енгилликлар, имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Мамлакатимизда маҳсулот экспорти билан шуғулланувчиларга турли енгилликлар, имтиёзлар тақдим этилмоқда. Хусусан, фермерларга ўз хўжалигида етиштирган маҳсулотини чет элларга тўғридан-тўғри экспорт қилиш имконияти берилган.
Шу кунларда бундай имкониятдан фойдаланаётган фермерлар сони анча кўпаймоқда. Тошкент туманидаги “Меҳр барака” фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Роҳаталиев улардан бири.
Фермер кичик боғида етиштирилган мевалар билан бир қаторда хонадонларда етиштирилган экинларни Челябинскка экспорт қилмоқда. Гилос, ўрик, пиёз шулар сирасидандир. Кузда эса узум ва хурмо учун харидор тайёр.
– Ҳар йили ғалладан кейин 14 гектарда такрорий экин сифатида помидор, бодринг, карам ва картошка етиштирамиз, – дейди Ф.Роҳаталиев. – Экспорт масаласида ўзимизга яраша тажриба тўпладик ва бу борада баъзи камчиликлар борлигини тажрибамиздан билмоқдамиз. Тўғриси, бизнинг маҳсулотларимиз хорижнинг ҳеч бир шаҳрида ҳеч қачон сотилмай қолиб кетмайди. Фақатгина уларнинг сертификати бўлиш керак. Агарда ҳужжатларда бирор бир имло хатоси бўлса ҳам киритиб бўлмайди. Бу борада битта таклифим бор эди. Уни тегишли ташкилотларга бир неча марта айтсам ҳам ҳозирча натижа йўқ. Иложи бўлса 3-3,5 тонналик автомобилларда маҳсулотни экспорт қилишга рухсат берилса, яхши бўларди. Ҳозирда камида 22 тонна юк билан чиқиш керак. Бунча маҳсулотни бир жойга йиғгунча вақт ўтади. Ўтаётган фурсат меванинг сифатга зарар келтиради. Бу эса унинг нархига салбий таъсир қилади.
Умуман олганда, бу соҳада ҳали қилинадиган ишлар кўп. Чет элларга маҳсулотларимизни кўпроқ экспорт қилиш учун авваламбор меваларни эскича қуритиш ва қайта ишлаш усулларидан воз кечиб, юқори технологияли ишлаб чиқариш қувватларидан кўпроқ фойдаланиб, меваларни ана ўша технологиялар ёрдамида қуритиб, қайта ишлашимиз керак.
Шунингдек Эрон ва Туркия фирмалари ўз маҳсулотларини Россияга анча арзон бўлган денгиз йўли орқали етказиб берадилар. Биз эса ўз маҳсулотларимизни темирйўл ва автомобиль йўллари орқали Қозоғистонга транзит учун бож тўлаб олиб ўтамиз. Ана шу туфайли ҳам бизнинг маҳсулотларимиз экологик тоза ҳисобланса-да, баъзан Россия бозорларида турклар ва эронликларнинг маҳсулотларидан қимматроқ кириб боради.
Шу ўринда Ўзбекистон маҳсулотларига хорижда талаб юқорилигига мисол келтирган фермер шундай ҳикоя қилди.
– Гилос ва ўрик пишганда уни йиғиб ва қадоқлашда ишчи кучи етишмай, иккита йигитни ишга таклиф қилдим, – дейди мулкдор. – Уларга маҳсулот экспорт қилиниши, меваларни эҳтиёт бўлиб, зарар етказмай теришни тайинладим. Улардан бири яқинда Россиядан келган экан. У бир куни кўчада кетаётганда қўшни давлатлардан биридан борган савдогарлар уни ёнида туришини илтимос қилгани, атрофдагиларга бу йигитни кўрсатиб, юк Ўзбекистондан келтирилган, ишонмасаларингиз мана паспортини кўринг, дея мақтаб-мақтаб бир кунда 4 тонна маҳсулотни сотиб юборгани ҳақида айтиб берди. Хорижда бундай воқеалар кўп бўлади. Мазали ва экологик тоза маҳсулотларимиз ҳамма жойда қадрланади. Фақат биз уни ўз вақтида сифатли етказиб берсак, бас.
Айни вақтда фермер хўжалигида такрорий экин сифатида помидор, бодринг ва картошка етиштирилмоқда. Кузда Қозоғистонлик ҳамкорлари билан хурмо, узум ва анор экспорт қилишни мўлжалламоқда. Кичик боғда етарлича, маҳсулот у қадар кўп бўлмагани боис, фермер атрофдаги томорқа эгаларига ҳозирдан буюртма бериб, келишиб қўйган.