Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермерлик қиламан деган фуқарога нега ер берилмаяпти?
15:22 / 2020-05-14

“Ҳозирги вақтда 200 дан зиёд қўй, 20 бош молим бор.

Бир мурожаат изидан

“Ҳозирги вақтда 200 дан зиёд қўй, 20 бош молим бор. Шу боис, чорвачилик фаолиятимни ривожлантириш, келажакда зотли қорамоллар келтириб, ишсиз оиламни, қолаверса, қишлоғимиз ёшларини иш билан таъминлаш мақсадида чорвачилик фермер хўжалиги очмоқчиман. Шу мақсадда 2019 йил ноябрь ойидан буён Арнасой туман ҳокимига ҳамда туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига ўзим яшаб келаётган “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 18-контурнинг 23 гектар ер майдонини сўраб оғзаки ва ёзма мурожаат қилиб келаяпман. 

Айнан ўша ерни сўраётганимнинг сабаби, 1980 йиллари ташландиқ бўлиб ётган ўша ерни қайнотам ва қайнонам ўз меҳнати билан ободонлаштириб, ҳозирги ҳолатга келтириш учун тер тўкишган. Аммо бугунга келиб ернинг эгаси кўпайиб қолди. Мурожаатим юзасидан туман ҳокими олдига ҳар сафар кирганимда, “пахта-ғалла, ер кластерга ўтиб кетди, бор кластердан бориб сўра”, каби баҳоналарни қилиб, қўпол муомалада бўлиб келмоқда, дейилади Арнасой тумани “Тинчлик“ маҳалла фуқаролар йиғини Амир Қўнишев кўчаси 11-уй 1-хонадонда яшовчи Маъмура Ҳамидовадан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига келган мурожаатда.

photo_2020-05-14_15-34-21.jpg

Мурожаат юзасидан Арнасойда бўлиб, туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими мутахассиси Тўлқин Ўроқов билан учрашдик. Бу киши аввалроқ ушбу бўлимнинг бошлиғи бўлиб ишлагани учун мазкур муаммодан бевосита хабардор масъуллардан экани боис мурожаатга жавоб бериш пайсалга солиб келинаётгани сабабини сўрадик.

– Ҳозир карантин бўлгани туфайли фуқаролар билан учрашиш мумкин эмаслиги аризачига ҳам тушунтирилган, – дейди Т. Ўроқов. – Бундан ташқари, туман прокуратураси жорий йил 22 апрелдаги протести билан Арнасой туман ҳокимининг Бахтиёр Умурзоқовга 18-контурдан 23 гектар ер ажратиш тўғрисидаги 2020 йил 7 апрелдаги 154-сонли қарорини бекор қилиб, мазкур майдон захирага олинган. Қолаверса, фермернинг чорва моллари туман ветеринария бўлими томонидан саноқдан ўтказилиб, махсус белги қўйгандагина унга ер ажратиш мумкин. Аризачи эса бундай маълумотларни бизга тақдим этмаган.

Аммо ҳужжатлар билан танишиш жараёнида Маъмура Ҳамидовага тегишли чорва моллари саноқдан ўтказилгани тўғрисида маълумот борлиги маълум бўлди. Қолаверса, Бахтиёр Умурзоқов ер сўраб мурожаат қилган аризада 18-контур эмас, 84- ва 72-контурдаги майдонлар кўрсатилган. Негаки, аризадаги контурнинг “72” рақами “18” қилиб қўлда ўзгартирилгани аниқ кўриниб турибди.

Туман прокуратураси масъуллари ер ноқонуний, тендерсиз берилганини таъкидлади.

Вазиятга янада ойдинлик киритиш мақсадида жойига борганимизда кўрганларимиз бунинг акси бўлиб чиқди. 23 гектар ернинг ярмига ғалла экилган. Аммо ер эгасиз. Эътиборимизни аризада келтирилган 23 гектарнинг 3 гектари ўзлаштирилган, деган жой тортди. Айни пайтда тендерсиз берилган ушбу ер балиқчиликка ихтисослашган “Ҳасан ота дунёси“ фермер хўжалигига озуқа маҳсулотлари етиштириш учун берилгани, лекин ер полиз экиш мақсадида тайёрлаб қўйилганига гувоҳ бўлдик.

Бизга ҳамроҳлик қилган туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими раҳбари Ҳусниддин Худойбердиевдан бу ҳолга изоҳ сўраб, жўяли жавоб ололмадик.

Туман ҳокими эса балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжалигига берилган ер 23 гектарга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. Хуллас, иш чигаллигича қолмоқда.

photo_2020-05-14_15-34-22.jpg

– Туманда мурожаат қилиб кирмаган эшигим қолмади, — дейди Маъмура Ҳамидова. – Нима сабабдан чорвачилик фаолиятимни ривожлантириш мақсадида қилган мурожаатим ҳеч кимга ёқмаётганига ҳайронман. Ўша ерга бугунги кунгача пахта-ғалла экиб келганмиз. Бироқ ернинг мелиоратив ҳолати ёмон, гектарига ғалладан 13, пахтадан 10 центнердан зиёд ҳосил олиб бўлмайди. Шунинг учун чорва озуқаси етиштириш мақсадида фойдаланиш учун сўрагандим. Чунки ҳар йили қиш ойлари чорвамга озуқа етишмаслиги боис сотишга мажбур бўлаяпман.

Хўш, ер туман ҳокими томонидан ноқонуний берилган, яна қайтариб олинган бўлса, нега тегишли тартибда чора кўрилмаган? Бунинг оқибатида ҳозирда ер фойдаланмай эгасиз ташлаб қўйилган.

Нега ерни олишга талабгор бўлаётган М. Ҳамидовага берилмаяпти?

Ҳамал ўтиб кетди. Экиш кечикиб, ер қаровсиз ётибди.

Бундай саволлар кўп, аммо жавоб йўқ. Туман ҳокими бу муаммони ҳал этиб, ушбу саволларга қониқарли жавоб беради, деган умиддамиз.

Мавзуга яна қайтамиз.