Ўзбекистонда хусусий мулк ҳуқуқларини изчил мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳасини барқарор ривожлантириш учун шароитлар яратиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан фермерлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан келиб тушган таклифлар асосида тайёрланган янги қонун лойиҳаси бу борадаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Эслатиб ўтамиз, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида ишлаб чиқарувчиларнинг мустақил равишда нархларни белгилаш, даромадни тасарруф этиш ва маҳсулотни эркин реализация қилиш ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. Ҳудди шу қонуннинг 34-моддаси эса давлат харидларидан ташқари, агротехнологиялар, маҳсулот ассортименти ва уни реализация қилиш йўналишини белгилашга давлат органларининг аралашувини бевосита тақиқлайди.
Бироқ, сўнгги йиллардаги амалиёт тадбиркорлик фаолияти учун кенг имкониятлар яратилаётганига қарамай, жойларда ҳосилни сотишга аралашиш, маҳсулот ташувини чеклаш ва қонунда назарда тутилмаган шартларни юклаш ҳолатлари учраб тураётганини кўрсатмоқда. Шу боис ҳам янги қонун лойиҳасига мансабдор шахсларнинг товар ва пул маблағларининг эркин айланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар киритилган. Бу ўзгартиришлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилиб, фермерларнинг назорат қилувчи органлар олдидаги кафолатларини сезиларли даражада кучайтиради.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241¹-моддасига “Товар (иш, хизматлар) ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши ва (ёки) реализациясига аралашиш ёки тўсқинлик қилиш” деган жумланинг қўшилиши юртимизда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиради. Бу мансабдор шахсларнинг тадбиркорлик субъектларининг товарларни эркин сотиш, хизматлар кўрсатиш ёки ўз маблағларидан фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракати эндиликда бевосита ҳуқуқбузарлик деб тан олиниб, улар жаримага тортилади.
Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 192¹-моддасига “Товар (иш, хизматлар) ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши ва (ёки) реализациясига аралашиш ёки тўсқинлик қилиш” деган жумла киритилмоқда. Бу Ўзбекистонда бизнес ва хусусий мулкни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга, зеро ушбу қўшимча фермерлар, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар дуч келадиган муаммони маъмурий ҳуқуқбузарлик соҳасидан жиноий жавобгарлик соҳасига ўтказади.

Шундай қилиб, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ноқонуний хатти-ҳаракати, масалан, маҳсулотларни йўлларда ушлаб қолиши, сотишга тақиқ қўйиши, савдо битимларига аралашиши ёки молиявий маблағларни кечиктириши эндиликда жиноий иш сифатида тавсифланиши мумкин. Қонун лойиҳаси қабул қилинса, назорат қилувчи ва текширувчи органлар турли баҳоналар билан маҳсулот реализациясини чеклай олмайди. Бозорга чиқишга тўсқинлик қилиш хусусий мулкка тажовуз қилиш сифатида кўрилади.
Бунда ер ва мулкдан ташқари, иқтисодий эркинлик, яъни ўз маҳсулот ва маблағларини эркин сотиш, ташиш ва тасарруф этиш ҳуқуқи ҳам қонун ҳимоясига олинган. Эндиликда товарларнинг реализациясига аралашиш нафақат жаримага, балки озодликдан маҳрум қилишга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Шу тариқа, мазкур норма давлат нафақат мулкка бўлган ҳуқуқни тан оладиган, балки тадбиркорнинг эркин хўжалик фаолиятини олиб бориш ҳуқуқини ҳимоя қиладиган адолатнинг янги стандартини шакллантиради. Бу эса ҳақиқий бозор тамойилларига асосланган ва ҳимоя қилинган ишбилармонлик муҳитини яратиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси фермерлардан етиштирган маҳсулотини республика бўйлаб эркин реализация қилишда юзага келаётган қийинчиликлар бўйича келиб тушган мурожаатларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Энди тадбиркорлар асоссиз чекловлар, постлардаги кечикишлар, мажбурий шартлар ёки молиявий амалиётларнинг тўхтатилишидан ҳуқуқий ҳимояланади. Бундай норма хусусий мулк дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамлаб, маъмурий босимни камайтиради, барқарор инвестиция муҳити шакллантириш ва давлат институтларига ишончни кучайтиришга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан оқилона, самарали ва узлуксиз фойдаланиш, ер майдонларини ижарага бериш тартибини соддалаштириш мақсадида, шунингдек, фермерлардан келиб тушаётган таклифлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда Ер кодексига бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилмоқда. Эндиликда кодексда ердан фойдаланиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Қонун лойиҳасида ижарага олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларининг бир қисмига бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказишнинг (қайта ижарага беришнинг) ҳуқуқий асослари белгиланмоқда. Бу ер ресурсларини бошқариш, жумладан фаолият турини ўзгартириш ёки хўжаликни кенгайтиришда мослашувчанликка муҳтож бўлган фермерларнинг кўплаб мурожаатларига ўзига хос жавоб бўлди.
“Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас. “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида таъкидланганидек, давлат хўжалик раҳбарининг турмуш шароитини ҳисобга олади. Агар фермер пенсия ёшига етса, меҳнат лаёқатини йўқотса, муддатли ҳарбий хизматга чақирилса, кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилинса ёки тадбиркорлик фаолиятини биргаликда олиб бориш мумкин бўлмаган лавозимга тайинланса, у ижарага олинган ер майдонини оила аъзоларидан бирига ўтказиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуқ шартноманинг бутун амал қилиш муддатига сақланиб қолади ва ижара ҳужжатига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали расмийлаштирилади. Бу раҳбарнинг фаолияти ёки турмуш шароитининг ўзгариши сабабли хўжаликнинг иши тўхтаб қолмаслиги, ер эса оила қўлида қолиши ва даромад келтиришда давом этишининг муҳим кафолатидир.
Амалиётда кўплаб давлат фуқаролик хизматчилари ўз номларидаги фермер хўжаликларини оила аъзоларига ўтказа олмаяпти. Шунинг учун Ер кодексининг 245-моддасига қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага олувчига бир ёки бир неча участкалар бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга расман ўтказиш (қайта ижарага бериш) имконини берувчи “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказиш (қайта ижарага бериш)” деган алоҳида хатбошининг киритилиши фермерлар ва тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга. Бу норма участканинг мақсадли вазифасини бузмаган ҳолда амалдаги ижара шартномаси доирасида ерни қайта тақсимлашнинг мослашувчан ҳуқуқий механизмини яратади.
Биринчидан, бу янгилик ернинг бўш қолишининг олдини олиб, хўжалик фаолиятини давом эттира олмайдиган шахсларга ҳуқуқларини бошқаларга ўтказиш имконини беради. Иккинчидан, минимал майдон ва контурлар бутунлиги талаби сақланиб қолади, бу ерларнинг тартибсиз бўлинишини истисно қилади ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш манфаатларини ҳимоя қилади. Учинчидан, қайта ижарага бериш шартномасини мажбурий рўйхатдан ўтказиш амалиётини мустаҳкамлаш битимларнинг шаффофлигини таъминлайди. Натижада ер ҳуқуқлари айланмаси кучайтирилади, хўжаликларни бошқариш самарадорлиги яхшиланиб, аграр соҳада ердан фойдаланишнинг бозор модели шаклланади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу тузатишларнинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигида амалда ҳимояланган ва масъулият талаб қиладиган муҳитни шакллантириш йўлида муҳим босқич бўлади. Фермер ва ишлаб чиқарувчиларнинг фикр-мулоҳазалари парламентда эшитилиб, қонун лойиҳасида ўз аксини топганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу ердан фойдаланувчиларнинг давлатга ишончини мустаҳкамлайди, хусусий мулкнинг дахлсизлигини тасдиқлаб, қишлоқ хўжалиги ерларидан янада оқилона ва самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар очади. Демак, ҳар бир фермер ва тадбиркор нафақат юридик кафолатга, балки унинг меҳнати, маблағи ва ҳосили қонун ҳимояси остида эканлигига амин бўлади.
Н.Рашидова
“Адолат” СДП фракция аъзоси,
Ўзбекистон Республики Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
ЎзА.