Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан, соҳада давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи ва сотувчи субъектлар ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Аммо шунга қарамай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг юқори даромад олишига кенг шароитлар яратиш ҳамда маҳсулот етиштиришда давлат буюртмасини бекор қилиш амалиётини қонунчиликда белгилаш зарурияти мавжуд.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилди.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига партия мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиб, қатор таклифларини, фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда деҳқон ва фермерларнинг муаммо ва ташвишларини ҳал этиш борасида муайян чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу эса уларнинг эркин фаолият юритишларига замин бўлаётир. Мазкур қонун лойиҳаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар томонидан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
М.Комилова,
ЎзА