Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермерларни ҳуқуқий ва инновацион қўллаб-қувватлаш қишлоқ хўжалигида тизимли ривожланишни таъминлайди
10:55 / 2025-11-17

Қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч тармоқларидан бири бўлиб, аҳолининг ижтимоий фаровонлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспорт салоҳиятини белгилашда муҳим ўрин тутади. Охирги йилларда мазкур соҳани модернизация қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 10-октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини яратди. Унда фермер хўжаликлари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва тармоқни тизимли ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.

Сўнгги йилларда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фермерлар фаолиятини бир қатор қулайликлар ва янги имкониятлар билан бойитмоқда. Ер билан ишловчи, меҳнати орқали юртни неъмат билан таъминлайдиган фермерларнинг замонавий технологиялардан самарали фойдаланаётгани эса соҳадаги ўсиш суръатларини янада оширмоқда.

Шунингдек, давлат томонидан яратилган ҳуқуқий кафолатлар фермер хўжаликларининг барқарор ишлаши ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Фермерлар кенгаши муҳим боғловчи бўғин сифатида фаолият юритиб, фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишда алоҳида ўрин эгаллайди.

Кенгаш томонидан ўтган йиллар давомида фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга 5 800 га яқин даъво аризаси, 14 500 дан ортиқ талабнома киритилган. Фермерларнинг кундалик фаолиятида учрайдиган муаммоларни ўрганиш, уларга ўз вақтида кўмаклашиш ва ҳуқуқий маслаҳат бериш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган.

Фермерлар ва чорвадорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида республика бўйича 1 200 дан ортиқ амалий семинар, 3 000 дан зиёд онлайн очиқ мулоқотлар ташкил этилган. Ушбу мулоқотларда билдирилган таклифлар асосида методик қўлланмалар яратилмоқда ва тегишли соҳа бўйича қарор лойиҳаларига таклифлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, Фермерлар кенгаши инновациони ишланмаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сув тежамкор суғориш технологиялари, ҳосилдорликни оширувчи агротехник ёндашувлар, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича замонавий усуллар, рақамли бошқарув тизимларини амалиётга татбиқ этиш каби йўналишларда мунтазам ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Натижада фермерлар ўз хўжаликларида ютуқли бошқарув усулларини қўллаш, инновациялар ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш имконига эга бўлмоқда.

Фермерларни ҳуқуқий, молиявий ва инновацион қўллаб-қувватлаш тизимли равишда амалга оширилаётгани, замонавий технологиялар ва бошқарув усулларининг жорий этилиши соҳадаги самарадорлик ва маҳсулдорликни оширишга хизмат қилмоқда. Натижада фермерлар ўз хўжаликларини барқарор ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва янги имкониятлардан тўлиқ фойдалана олиш имкониятига эга бўлмоқда.

Собитжон Рўзибоев,
Ўзбекистон фермерлари
Кенгаши Сектор бошлиғи