Кейинги йилларда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқаришга замонавий технологияларни фаол жорий этиш, хўжалик ҳамда корхоналарнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил қилишга қаратилмоқда.
Фермерга ҳамиша мададкор, уларни қўллаб-қувватлашда алоҳида ташаббус кўрсатадиган Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ҳамда унинг ҳудудлардаги бўлимлари жорий йилда ҳам фаолликни қўлдан бермади. Хусусан, Наманган вилояти фермерлар кенгаши ҳудудда жорий йилда аграр соҳада эришилган ютуқларга муносиб ҳисса қўшди.

Якунига етиб бораётган 2025 йил – азамат миришкорларимиз учун салмоқли натижаларга бой йил сифатида муҳрланиб қолиши шубҳасиз. Қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларига эътибор берадиган бўлсак, ғаллачиликда 66 мингдан зиёд майдондан ўртача 85,1 центнердан 561 минг 685 тонна дон етиштирилди. Бу борада пешқадамлар қаторида бўлган Мингбулоқ, Учқўрғон, Поп, Тўрақўрғон, Чуст, Чортоқ, Косонсой ва Наманган туманлари ғаллакорлари муносиб улуш қўшиб, гектаридан 90-100 центнердан ғалла олишга эришди.

Вилоят аграр тармоғида асосий ўрин тутадиган пахтачилик йўналишида ҳам эътиборга молик натижалар қўлга киритилди. Жами 48 минг 898 гектар майдонда ҳар гектаридан ўртача 45,8 центнердан 224 минг тонна пахта хомашёси етиштирилиб, белгиланган режа 104,6 фоизга бажарилди. Бунинг самараси ўлароқ, 288,7 миллиард сўм соф фойда топилди. Вилоят бўйича ўртача рентабеллик 20 фоизни ташкил этмоқда.

Бундай ютуқлар учун изланишлар, инновацион янгиликларни қўллаб-қувватлаган фермерлар хўжаликлари томонидан илмий ёндашувлар асосида юқори ҳосил олиш баробарида, техника кучидан ҳам унумли фойдаланилди. Шу ўринда қайд этиш лозимки, 1 минг 370 га яқин фермерлар шартномавий режани ортиғи билан бажариб, улкан хирмонга катта ҳисса қўшдилар.

Ғаллачилик йўналишида эса 982 фермер хўжалиги юқори ҳосилдорликка эришди. Шу жумладан, 80 центнер ва ундан юқори ҳосил олганлари сони 532, 100 центнер ва ундан юқори ҳосил олганлари сони 450 тага ортди.
Бундай залворли ютуқлар замирида мамлакатимизда фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатилаётган юксак эътибор, чунончи, бу борада қабул қилинаётган Президент фармон ва қарорлар ижроси мужассам.

– Фермер хўжаликлари фаолиятини бир маромда изчил давом этиши, соҳада дуч келинадиган айрим тўсиқларни бартараф этиш, мавжуд муаммоларни жойида ижобий ҳал қилишда қўллаб-қувватлов муҳим аҳамият касб этади, – дейди Наманган вилояти фермерлар кенгаши раиси Носиржон Каимов. – Бу борада кенгашимиз томонидан шу йилнинг ўтган ўн бир ойи давомида бир қатор амалий ишлар қилинди. Фермерларимизнинг қонуний манфаатларини кўзлаб, кенгаш ҳуқуқшунослари томонидан 239,9 миллиард сўмлик 1 минг 201 даъво аризаси киритилган бўлиб, шундан, 1046 таси қаноатлантирилиб, 208,9 миллиард сўм маблағлар фермер хўжаликларига ундириб берилди. Қолаверса, 3 минг 897 ҳолатда 882,3 миллиард сўмлик талабномалар киритилган бўлиб, бунда 1 минг 917 ишда 466,6 миллиард сўм ундирилган.

Дала майдонларида юқори суръатда ҳосилдорликни таъминлашда сув тежовчи технологиялардан оқилона фойдаланиш нечоғлик заруриятини ҳозирги вақтда аксарият фермерлар чуқур англаб етганлиги эътиборга молик.
Наманганда “Хоразм тажрибаси” асосида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 760 фермер хўжалигини сув насосларини электр тежамкорига алмаштириш режалаштирилиб, ҳисобот даврида 741 фермер хўжалиги рўйхати шакллантирилди. Жумладан, 617 хўжаликнинг насос агрегатлари тежамкор қурилмаларга алмаштирилди.
Вилоят бўйича фермер хўжаликлари томонидан 86,5 минг гектар майдонларда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилиб, режа 111 фоизга ортиғи билан адо этилди. Шундан, 5,4 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш, 2,0 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш, 570 гектарда дискрет, 13 минг 760 гектарда эгилувчан қувур орқали суғориш, 4,9 минг гектарда плёнка тўшаб суғориш, 60,1 минг гектарда лазер текислаш ишлари амалга оширилди.
2025-206 йиллар учун янги ҳосил учун кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 2 минг 400 километр ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш белгиланган. Шундан, жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида 552 километр бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, амалда 279 чақирими бетонлаштирилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижросида фермерлар фаол иштирок этмоқда. 2025 йилнинг якунига етган кузги мавсумида фермер хўжаликлари ва пахтачилик-ғаллачилик кластерларига қарашли дала четларида иҳота дарахтзорларни барпо қилиш мақсадида 2 485,5 минг туп мевали ва манзарали кўчатлар экилди. Бундан ташқари кенгаш тизимидаги ҳамда фермер хўжаликларнинг дала четларида ва улардаги мавжуд 11 минг туп мевали ва манзарали дарахтларнинг электрон паспортлари шакллантирилди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан музлаткичли омборхоналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича 439 ташаббускорнинг 64,8 миллиард сўмлик лойиҳалари шакллантирилган. Бугунги кунда жамғарма томонидан Поп туманидаги “Даврон” фермер хўжалигига 1,5 миллиард сўм, Чуст туманидаги “Эко Дрип Наманган” масъулияти чекланган жамиятига 2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилди. Айни вақтда эса, 56 лойиҳа учун 12,2 миллиард сўмлик тавсиялар кенгаш томонидан берилиб, тижорат банкларига аризалар киритилган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастури ижросини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишда фермер хўжаликлари салмоқли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Жорий йилда вилоят бўйича қишлоқ хўжалиги йўналишида 49 минг 355 нафар фуқароларнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилиб, январь-октябрь ойларида 57 минг 951 киши доимий ва мавсумий иш ўринларига эга бўлди.
Бугунги куннинг замонавий талабларига жавоб бераётган, ҳар бир йўналишда пешқадам, ҳосилдорликда намуна бўлаётган фермер хўжаликлари муносиб рағбатлантириб келинмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги қарорига кўра, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ҳамда “Ҳосил байрами” муносабати билан поёнига етаётган 2025 йил якунлари бўйича 155 нафар наманганлик фермер хўжалиги раҳбари – “Илғор фермер” кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Фермерлар Кенгаши раисининг ташаккурномаси билан мукофотланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.