French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермерлар ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тайёрланади
15:01 / 2021-06-04

Қишлоқ хўжалиги соҳасини бугунги кунда фермерларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ер илмини эгаллаган, деҳқончиликда тажриба тўплаган, муҳими, ерни ардоқлаб, у билан тиллаша оладиган фермерларгина ўз ишини давом эттирмоқда.

Чунки бир неча йил муқаддам фермер бўламан, деган одамлар кўп эдию, натижага эришганлар кам эди. Бугунги кунга келиб эса соҳада чинакам деҳқон бўлган фермерлар фаолият юритмоқда. Уларнинг жонкуярлиги, фидойилиги сабаб қишлоқ хўжалиги экинлари унумдорлиги, маҳсулдорлиги ошмоқда. Бу эса тўкин бозорларимиз, дастурхонларимизда намоён.

Ўтган йилда юртимизда олти ярим миллион тоннага яқин ғалла, 3 миллион тоннадан зиёд пахта, 21 минг тонна пилла, 22 миллион тонна мева-сабзавот, икки ярим миллион тонна гўшт ва 11 миллион тоннадан зиёд сут маҳсулотлари етиштирилгани деҳқон фермерларнинг меҳнати самарасидир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш, илғор ёндашувларни жорий этиш энг муҳим масалага айланмоқда.

Шунинг учун биз иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, фермер, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ аҳамият бермоқдамиз.

Дарҳақиқат, соҳага қаратилаётган эътибор, қишлоқ хўжалиги тармоғига бозор механизмлари, жумладан, агрокластер тизимининг жорий этилгани қисқа фурсатда ўзининг ижобий самарасини бера бошлади.

Ҳозирги кунда аксарият фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилди. Бунинг натижасида қарийб 37 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланган.

Айтиб ўтиш керакки, ҳеч бир соҳада илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб, тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни кун тартибига қўймоқда.

Шу мақсадда аграр соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида таълим сифатини тубдан ошириш, тараққий этган давлатларнинг нуфузли таълим даргоҳлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, уруғчилик, наслчилик ва ветеринария йўналишидаги илмий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб мавжуд қишлоқ хўжалиги олийгоҳлари билан бир қаторда, Гулистон, Бухоро, Қарши, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Урганч давлат университетларида аграр соҳа мутахассисларини тайёрлаш учун бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари ажратилди.

Ўтган йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга йўналтирилган 677 миллиард сўмлик 80 га яқин лойиҳа, 1 триллион 240 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари асосида 12 та агрологистика маркази ишга туширилиб, қарийб уч ярим минг янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, пахтачилик кластерлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик тармоқларида ҳамда замонавий иссиқхоналарнинг барпо этилиши натижасида 14 мингга яқин аҳоли иш билан таъминланди.

Айни пайтда чорвачиликда наслчиликни яхшилаш, зотдор чорва молларини кўпайтириш, ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш, ушбу соҳага давлат томонидан субсидиялар ажратиб бериш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Албатта, соҳада ўзига яраша муаммолар учраши табиий ҳол. Фермерлар ҳуқуқлари бузилиши, улар банк ва бошқа ташкилотларда ишларини вақтида битира олмаслиги каби ҳолатлар йўқ эмас.

Айнан шу каби муаммоларга барҳам бериш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан «Фермерга мадад» ҳуқуқий акцияси бошланди. Акция доирасида адлия ходимлари билан бирга барча ҳуқуқшунослар ҳам фермерларга кўмак беришга ўз ҳиссасини қўшади.

Жорий йил охирига қадар давом этадиган акцияда махсус ишчи гуруҳлар барча ҳудудларда фермерларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш бўйича амалий чораларни кўради.

Фермер хўжаликларининг ташкилий-ҳуқуқий, ишлаб чиқариш ва хўжалик, шартномавий-ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлари, ер соҳаси, маъмурий-бошқарув, банк, молия ва солиқ йўналишларида қонунчилик хатловидан ўтказишда эса Тошкент давлат юридик университети олимлари ҳам фаол иштирок этади. Соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифларимизни берамиз.

Матлуба Мирзаабдуллаева, ҳуқуқшунос