Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермерлар ҳам бугунги кун қаҳрамонлари
15:15 / 2020-05-26

Қишлоқда тонг эрта отади.


Қишлоқда тонг эрта отади. Хўроз қичқириши билан атроф ғира-ширалигига қарамасдан Баҳодир ака далада бўлади, ғаллазорни кўздан кечиради.

Мироблар ғаллага сувни ўз вақтида қўйдими? Ғалла турли касалликларга чалинмадими? Тунни тонгга улаб меҳнат қилаётган ишчиларнинг рўзғорида ками йўқми?.. Ғаллаорол тумани “Ташаббускор” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Туронов шуларни хаёлидан ўтказиб, ишчиларидан бугунги карантин шароитида рўзғоридаги аҳвол ҳақида сўрайди.

Ишчиларнинг баъзилари уйида уни кам қолгани, яна баъзилари озиқ-овқат олиш учун бироз пулга эҳтиёжи борлигини айтади. Фермер уларнинг муаммоларини тинглаб, буғдой, сут ва сут маҳсулотлари, баъзиларига гўшт, картошка тарқатади. Шу билан ишчиларнинг кайфияти кўтарилади. Буни иш унумдорлиги ошганидан сезаман, – дейди фермер. Баҳодир аканинг айтишича, раҳбар ишчиларни тингласа, муаммоларини ўрганиб, имкон қадар ечимини топсагина ишида унум ва барака бўлади.

Ишчилари билан яна яқин кунларда ғалла ҳосилини йиғиш, ўрим-йиғим мавсуми олдидан барча техник воситаларни шай ҳолатга келтиришни маслаҳатлашади. Аслида, бу борада муаммо йўқ. Чунки хўжаликнинг 10 та ғалла ўриш комбайни соз ҳолатда экани билан бир қаторда, зарур эҳтиёт қисмлар захираси ҳам яратилган.

Баҳодир ака жорий мавсумдан мўл ҳосил олишни режалаштирмоқда. 200 гектардан ортиқ майдонда парваришланаётган ғалладан кўнгли тўқ. Ғалладан бўшаган ерга картошка, сабзи, мош, шолғом, турп экишни мўлжаллаяпти.

– Халқимиз бошига тушган синовли кунларни албатта, енгамиз. Агар ҳар биримиз ўз ишимизни сидқидилдан бажарсак, озиқ-овқат бўйича ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Айниқса, юртимизда ун, нонга бўлган тақчиллик бўлмайди, – дейди фермер.

Баҳодир ака ишчиларга ғалла парваришида илғор тажрибаларни қўллаш, ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва сифатли бажариш мўл ҳосил тўплашда асосий омиллардан бири экани, айниқса, ҳосилга ҳосил қўшиладиган шу кунларда экинни алоҳида эътибор ва масъулият билан парваришлаш лозимлигини эслатади.

– Бу йилги кўклам серёғин бўлиб, салқин келди, – дейди фермер. Бу ғалла ва бошқа экинлар ривожини сустлаштирди. Аммо, узоқ йиллик тажрибам ўзини оқлади. Фермерлик менга ота мерос касб. Болалигим отам билан шу далаларда ўтди. Отамдан бу соҳанинг сир-асрорларини ўргандим. Шу боисдан об-ҳавонинг инжиқликларидан заррача чўчимадим. Зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида, оби-тобида бажарганимиз бугун ўз натижасини кўрсатди. Эндиги вазифа – ғаллани занг касалидан сақлаш. Йилнинг серёғин ва ҳаво ҳарорати ҳар йилгига нисбатан салқин келиши ғаллазорларга ўз таъсирини қўрсатиб, касаллик ва зараркунандалар ривожланишига шароит яратмоқда. Касалликлардан асосан ун-шудринг, септориоз, сариқ ва қўнғир занг касалликлари ғаллага жуда катта зарар келтиради. Агар буғдой бошоқчалари касалланса, дон тўлмасдан пуч бўлиб, ҳосилдорликка сезиларли таъсир кўрсатади. Юқоридагиларни инобатга олиб, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилиши мўл ҳосил гарови бўлиб хизмат қилади.

Фермер яйловда боқилаётган чорва молларини кўздан кечиради. Хўжалигида юзга яқин қорамол, 700 га яқин кўй-эчки боқиляпти. Бу йил чорва учун баракали келди. Чорванинг кўпи эгиз туғди. Фермер хўжалиги томонидан ҳар йили халқимиз дастурхонига 15-16 тоннагача гўшт, 5-6 тонна сут ва сут маҳсулотлари етказиб берилади. Фермернинг айтишича, сигирларнинг сути, айниқса, сут ёғини оширишда емнинг фойдаси катта экан. Озуқани норма асосида бериб боришга эътибор кучайтирилса, сигирлар серсут бўлади. Шу боисдан соғин сигирларга кўп ем берилар экан.

– Соғин сигирлар рационида оқсилга бой озуқа кўпроқ бўлиши муҳим, – дейди Баҳодир Туронов. – Бу тажрибада исботланган. Соғин сигирларга қанча кўп хилма-хил ем-хашак берилса, уларнинг сути кўпаяди. Фермада соғин сигирлар рациони соғиб олинаётган сут таркибидаги оқсил ва ёғ миқдори оз-кўплигига қараб бойитиб борилади. Хўжалигимизда соғин сигирлар учун алоҳида лавлаги экилади. Чунки лавлаги сут билан бир қаторда сут таркибидаги ёғ, оқсил, қанд ва бошқа моддалар кўпайишига замин яратади.

Айтганча, фермернинг сахийлигидан қишлоқдошлари мамнун. Мисол учун, фермер муқаддас Рамазон ойида маҳалласидаги бир гуруҳ кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга қўлидан келганча ёрдам берди. Сирдарё вилоятининг Сардоба сув омбори тошқинидан жабрланган оилаларга шакар, гуруч, гўшт, картошка, пиёз ва макарондан иборат озиқ-овқат, шунингдек, болалар учун кийим-кечак, кўрпа-тўшак олиб бориб берди.

Бугунги кун қаҳрамонлари сафига шифокорлар, саховатпеша инсонлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан бир қаторда ана шундай фермерларни қўшган бўлардим. Чунки улар баҳорнинг инжиқ, айни пайтдаги жазирамага парво қилмай, қадоқ қўллари билан тонгларни тунларга улаб меҳнат қилмоқда.