2003 йилдан буён Германиянинг Халқаро ҳамкорлик бўйича "German Sparkassenstiftung" ташкилоти Ўзбекистоннинг молиявий ва иқтисодий ривожланишига самарали ҳисса қўшиб келмоқда.
Мазкур ташкилот ҳозирги кунга қадар бир қатор лойиҳаларни амалга оширди.Ташкилот ҳозирда дунёнинг 54 мамлакатида турли лойиҳалар орқали мамлакатлар ривожига кўмаклашмоқда. У хос банк тизимига эга. 370 дан ортиқ Шпаркассаларни бирлашиб, шундай бир фондни вужудга келтирдики, бу фонд орқали нафақат дунё мамлакатлари аҳолиси ўз молиявий билимларини орттиради, балки зарур ўринларда кичик бизнесни ривожлантириш учун банклар орқали кредитлар олиш имкониятига эга бўлади.
Хусусан, аҳолининг молиявий саводхонлигидан тортиб, оилаларни тадбиркорликнинг муваффақиятли босқичларигача етакловчи турли дастурлар амалга оширилади. Шунингдек, ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида аграр соҳани ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширмоқда. Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ҳамкорлигида Ўзбекистонда ўқитиш модули сифатида киритилаётган "Фермер хўжалик – бизнес ўйини"га бағишланган семинар ташкил этилди.
[gallery-6368]
Ҳозир Ўзбекистонда фаолият юритаётган лойиҳа доирасида бир ўқув пирамидаси шакллантирди. Бу пирамида худди ўқув дастурига ўхшайди. Ўқув дастуридаги босқичлар бир қатор семинарларни ўз ичига олади. Тадбиркорликни бошлашга ундовчи микро бизнес семинари ва "Фермер хўжалик – бизнес ўйини" ёшларга ҳаётий тажриба тўплашда, тадбиркорликда бўладиган хатарлардан огоҳ бўлишга ўргатади.
Семинарда Германиянинг "German Sparkassenstiftung for international Cooperation" ташкилоти мутахассислари томонидан Ўзбекистонда ўқитиш модули сифатида киритилаётган "Фермер хўжалик – бизнес ўйини"ни таништиришга бағишланган тақдимот бўлиб ўтди.
– "Фермер хўжалик бизнес ўйини" Марказий Осиё мамлакатлари учун, хусусан, Ўзбекистон учун мақсадли гуруҳларни қамраб олишни кўзлаган, – дейди Германиянинг "German Sparkassenstiftung for international Cooperation" ташкилотининг бизнес ўйинларни шакллантириш департаменти лойиҳаси директори Елена Тие. – "Фермер хўжалик бизнес ўйини" кўп стратегик режалаштиришга асосланган. Бугунги семинарда тақдимотим орқали аграр фаолиятини ривожлантиришга доир тажрибамни ўртоқлашдим. "Фермер хўжалик бизнес-ўйини" 3 ёки 4 кун мобайнида ўтказиладиган симулатив характердаги семинар-модуль ҳисобланади. Семинар давомида иштирокчилар фермер хўжаликни бошқаради. Иштирок этган ёшлар келгусида фермер хўжалик ёки аграр соҳада бирор тадбиркорлик қилишда алоҳида эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар, банк билан бўладиган муносабатлар нималарга асосланиши тўғрисида маълумот бердим.
Бизнес ўйинининг уч турида турли қийинчиликларга дуч келинади ва ажойиб муваффақиятларга эришилади. Шу билан бирга, иштирокчилар бошқа жамоа(команда)лар билан рақобатлашади. Ўйин семинарда иштирокчи фермер ролини ўз зиммасига олади. Ишлаб чиқариш етиштириш жараёни бошқарилади ва сармоя киритилади. Шу билан бирга кутилмаган вазиятлар юзага келади. Ҳар бир турдан сўнг бошқа жамоалар билан солиштирганда ферманинг кўрсаткичлари ҳақида фикр-мулоҳазалар ва таҳлиллар таклиф этилади. Ҳар бир жамоада 4 ёки 5 киши оила аъзоси сифатида қатнашади. «Кулия»(хаёлий давлат) мамлакатидаги фермер хўжалигининг эгаси тарзида иштирокчилар реал воқелик асосида иш олиб боради.
Ўйиннинг ўз карточкалари ва танга пуллари бўлиб, реал воқеликка мос равишда, банк-мижоз, сотувчи ва харидор муносабатлари инобатга олинади. Яна бир муҳим жиҳати ҳаётда содир бўладиган ўғирлик, фирибгарлик каби ҳолатларга тадбиркор фермер сифатида қандай муносабат билдириш кераклиги, уларнинг олдини олиш учун нималар қилиш зарурлиги ҳам муҳокама қилинади.
Шаҳноза Маматуропова,ЎзА