Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат унумдорлигини ошириш ва манфаатдорликни таъминлашга қаратилган қулай агробизнес муҳити яратилди.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳаси фермер хўжаликлари томонидан ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг манфаатдорлигини оширишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлаган ҳолда, 17-моддага киритилаётган ўзгартишга эътибор қаратди.

"Фермер хўжалигининг мажбуриятлари" деб номланган мазкур моддада сувни тежаш, сув ресурсларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш мақсадида фермер хўжаликлари фермерлараро ички суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини, улардаги иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклашда иштирок этиши, уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши белгиланмоқда.
Депутатлар мазкур ўзгартириш фермер хўжаликларига қўшимча юк ёки мажбурият юклаб қўйиши эҳтимолини юзага келтириши мумкинлиги юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Қонун лойиҳаси моддама-модда кўриб чиқилиб, муҳокама қилингач, таклиф ва тавсиялар берилиб, депутатлар томонидан маъқулланди.
ЎзA