Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермер хўжалиги раҳбари маъмурий жавобгарликка тортилди
12:44 / 2025-10-15

Қишлоқ хўжалигида ердан самарали фойдаланиш ва белгиланган агротехник талабларга амал қилиш — ҳар бир фермернинг асосий бурчи ҳисобланади.

Бу нафақат ҳосилдорликни ошириш, балки ер ресурсларини муҳофаза қилиш, агросаноат соҳасида барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Шу маънода, назорат органлари ва суд идоралари томонидан мазкур талабларни бажармаган ҳолатлар қатъий тартибда кўриб чиқилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туман судида тергов судьяси Ж. Қдирниязов раислигида "А.Н” фермер хўжалиги бошлиғи С.га нисбатан маъмурий иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат комплекси устидан назорат инспекциясининг Шуманай тумани бўлими томонидан 2025 йил 15 май куни ўтказилган текширувда фермер хўжалигида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Маълум бўлишича, фермер хўжалиги раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси 40-моддаси ҳамда “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддаси талаблари бузилган. Қонунга мувофиқ, 2025 йил ҳосили учун фермер хўжалигида 20 гектар пахта, 6 гектар мош, 4 гектар кунжут, 3 гектар ем-хашак ва 1 гектар доривор экинлар экилиши керак эди. Бироқ текширув вақтига қадар ерни тайёрлаш ва экиш ишлари бошланмагани аниқланган.

Суд мажлисида жавобгар фермер белгиланган тартибда чақирилганига қарамасдан, у иштирок этмаган. Суд иши фермер иштирокисиз кўриб чиқилиб, унинг ҳаракатлари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси 3-қисмига мувофиқ деб топилди. Натижада, суд қарорига кўра, фермер 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Ушбу маблағ давлат фойдасига ундирилади. Шунингдек, суд томонидан у 15 кун ичида жариманинг 50 фоизини ёки 30 кун ичида 70 фоизини ихтиёрий равишда тўласа, қолган қисми тўланмаслиги ҳақидаги ҳуқуқи тушунтирилди.

Шуманай тумани судининг мазкур қарори, ердан самарали фойдаланиш, агротехник талабларга амал қилиш ва белгиланган қонунчилик нормаларига риоя этиш ҳар бир фермернинг зиммасидаги масъулият эканини яна бир бор кўрсатди. Чунки ер — давлат ва халқ мулки. Уни тўғри ишлатиш, ўз вақтида экиш ва парваришлаш қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланиш ҳамда юрт иқтисодиёти мустаҳкамлигига хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА