Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермер хайрли ишлар ташаббускори
16:19 / 2025-09-04

Фарғона вилояти Бағдод туманида фермер Обидахон опа Раҳимова қишлоқ хўжалиги соҳаси билимдони сифатида танилган.

 Фермер опа пахта ва ғалладан ҳар йили мўл ҳосил олиб, жараёнга илм ва изланиш билан ёндашмоқда. 
Хўжалик аъзолари салкам 50 гектар ерда пахта ва ғалла етиштиради. Бу йил тажриба тариқасида 6 гектар майдонда Хитой пахта нави парваришланмоқда. Шунингдек, асаларичилик ва чорвачилик хўжаликнинг яна бир сердаромад тармоғи ҳисобланади. Дала қозони учун зарур бўладиган барча мева-сабзавотларни ҳам тўлиқ ўзлари етиштиради.

–Ҳозир оилалардан биридаги низоли ҳолатни ижобий ҳал қилиб келдим,–дейди опа чаман бўлиб очилаётган пахта даласидан бизга пешвоз чиқиб.—Ахир, ўзим истиқомат қиладиган “Чекмирзаобод” МФЙда “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбариман. Буни қаранг, пахталаримиз лўппи-лўппи бўлиб очилди. Хитой нави бизга жуда ҳам маъқул. Қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган олий таълим муассасаларини тугатган фарзандларим Жасурбек ва Жамшидбекнинг тавсиясига кўра, яқин йилларда тўлиқ шу пахта навини экишни режалаштиряпмиз.

Маҳалла оқсоқоли Раҳматали Абдураҳмонов пахтачилик соҳасида катта тажрибага эга. Фермер билан бирга дала айланаётган нуроний отахон опа ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
—Обидахон маҳалладаги хайрли ишлар ташаббускори ва ҳомийси,—дейди у.—Шу боис чекка ҳудуд бўлишига қарамай кейинги йилларда маҳалламиз кўчалари асфальт қилинди, ичимлик суви тармоғи тортилди, электр таъминоти яхшиланди. Бу фермер ҳамиша кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олади.

Яқинда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фермернинг пахта даласида бўлиб, ҳосил салмоғидан мамнун бўлди. Кузда режалар бажарилиб, хўжаликнинг шинам дала шийпонида ҳосил тўйи ўтказилганда қатнашишга ваъда берди. Биз ҳам ушбу ташаббусни қўллаб, опа билан яқин кунларда яна кўришиш ниятида хайрлашдик. 

М.Сулаймонов, ЎзА