Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермер паррандачиликни йўлга қўйди
19:29 / 2020-07-21

Бағдод туманидаги «Унция ая Бағдод» кўп тармоқли фермер хўжалигида бу борада ўзига хос тажрибалар тўпланган.


Паррандачиликнинг етти хазинага қиёсланиши бежиз эмас. Оддий уй шароитида товуқ парвариш қилган ҳар бир оила бу беминнат «дастёр»нинг фойдасини яхши билади. Фарғона вилоятида мазкур соҳани ривожлантириш, замонавий ва инновацион технологияларни ҳаётга татбиқ этиш, экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бағдод туманидаги «Унция ая Бағдод» кўп тармоқли фермер хўжалигида бу борада ўзига хос тажрибалар тўпланган. Айни кунда бу ерда гўшт йўналишида парранда парваришлаш йўлга қўйилган бўлиб, ҳар ойда 26 тоннадан ортиқ парҳезбоп гўшт етиштирилмоқда.

Фермер хўжалигида тармоқ фаолиятини янада кенгайтириш, эндиликда нафақат гўшт балки жўжа олиш, тухум етиштиришда истиқболли лойиҳалар ишга туширилмоқда. Бирламчи жўжаларни маҳаллий шароитда етиштириш амалиёти ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар миқдорини сезиларли камайтириш, маҳсулот сифатини оширишда қўл келади.

- Янги лойиҳа ўзига хос қулайликларга эга, - дейди фермер Ахаджон Деҳқонов. - Ҳар ойда 100 минг бош жўжа етиштирилади, парҳезбоп гўшт ишлаб чиқариш ҳажми икки ҳиссага ошади. Шу мақсадда лаборатория ва инкубаториялар ташкил этиш, товуқ боқиш, сўйиш, бўлакларга ажратиш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган барча жараёнларни ўз ичига олган йирик лойиҳани амалга ошириш борасида иш олиб боряпмиз.

Хусусан, паррандачилик корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, 2021 йилнинг 1 ноябрига қадар импорт қилинаётган озуқа компонентлари, асбоб - ускуна ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилган. Бу тармоқ фаолияти учун муҳим бўлган озуқа базасини мустаҳкамлаш, импортни камайтириш ва экспорт ҳажмини оширишда алоҳида аҳамиятга эга. 

Чунки озуқа базаси авваллари асосан сотиб олинган бўлса, эндиликда уни фермер хўжалиги ўз етиштириш борасида иш олиб бормоқда. Юқори қувват ва тўйимли озуқалар паррандаларнинг соғлом ва маҳсулдор бўлишида асосий омил ҳисобланади. Шу мақсадда янги техникалар харид қилиш, экин майдонлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорлик миқдорини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Паррандачилик сердаромад соҳа. Фақат, яратилган имтиёз ва имкониятдан самарали фойдаланиш, ишлаб чиқаришга янги техника - технологияларни жорий этиш бугуннинг муҳим вазифаларидан. Буни «Унция ая – Бағдод» кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятида амалга оширилган ишлар кўрсатиб турибди. Айни кунларда бу ерда чорвачилик, балиқчилик каби тармоқлар ҳам жадал ривожланмоқда.