Қашқадарё вилояти Муборак туманида фаолият юритаётган “B-S” фермер хўжалиги раҳбари етиштирилган пахта маҳсулоти учун белгиланган субсидия маблағлари тўлаб берилмаётгани юзасидан Бизнес-омбудсманга мурожаат қилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 сентябрдаги қарорига мувофиқ, 2025 йил пахта ҳосилини ўз вақтида ва нобуд қилмасдан териб олишни таъминлаш мақсадида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали фермер хўжаликларига биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 1 миллион сўмдан субсидия ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 декабрдаги 771-сон қарори билан тасдиқланган вақтинчалик низомда мазкур субсидияларни ажратиш тартиби аниқ белгилаб берилган.
Мурожаат Бизнес-омбудсман томонидан қонуний тартибда ўрганилиб, тегишли ташкилотларга киритилган талаблар асосида Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан “B-S” фермер хўжалигига жами 137 миллион 89 минг сўм субсидия маблағлари тўлаб берилиши таъминланди.
Бу ҳолат тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасининг яққол намунаси бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири