Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермер куни: муаммолар, таҳлиллар ва режалар
16:24 / 2025-12-06

Тошкент вилоятида ҳафтанинг шанба куни  “Фермерлар куни” сифатида белгиланган. Шу туфайли қишлоқ хўжалиги тармоқларида ислоҳотлар ва жорий вазифаларнинг бориши бевосита ердан фойдаланувчилар ва мутасаддиларнинг юзма-юз мулоқотлари орқали чуқур таҳлил этиб борилади.

Навбатдаги кенгайтирилган  мулоқот Паркент туманида ўтказилди. Асосий эътибор узумчилик,  мева-сабзавот,  картошкачилик ва чорвачилик тармоқлари таҳлилига йўналтирилди. 

Мулоқотда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раҳбарлигидаги соҳа мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, солиқ, банк-молия тизими мутасаддилари, туман масъуллари, фермерлар, шунингдек, ҳудудий студиялардан мева-сабзавотлик йўналишидаги туманларнинг соҳа вакиллари иштирок этди.

Мулоқотда вилоят ҳокими махсус  ишчи гуруҳ томонидан Паркент туманида ўтказилган кенг кўламли ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб, таҳлилий-танқидий маъруза қилди. 

Ўрганишларга кўра, мазкур туманда қишлоқ хўжалиги бошқаруви йиллар давомида аста-секин издан чиқиб бормоқда,  ҳисоботларни сохталаштириш,  ерлардан фойдаланишда ўзбошимчалик илдиз отмоқда,  ижро назорати суст.  Аксар хўжаликлар маблағни банк ҳисоб-рақамларида эмас, образли айтганда, сандиқда ё “гилам  остида” айлантиришмоқда. Фермерлар ва давлат идоралари ўртасида боғланиш узилган, фермерларнинг қарийб 80 фоизи  соҳага доир қарорлар, татбиқ этилаётган янгиликлар, ислоҳотлар моҳиятини тўла англаб етмаган.  Масалан, туманда 10,5 минг гектар узумзор мавжуд, шундан 5,7 минг гектари ҳосилли. Жорий йил  71,6 минг тонна узум етиштирилиши режа қилинганига қарамай,  амалда бор-йўғи 26,4 минг тонна(37 фоиз)ни ташкил этмоқда.  Энг ёмони, сўнгги уч йилдаги кўрсаткичлар бу ҳолат сурункали тус олаётганини кўрсатади. 

Бунинг асл сабаби ҳосил камлигида эмас, ўзбошимчалик  ва хўжасизлик оқибати экани аниқ рақам ва мисоллар орқали очиб берилди. Бундан ташқари, 45 минг тонна узум нақд пулда сотилиб, ҳисоботлардан яширилган, натижада туман бюджети камида 10 миллиард сўм солиқдан маҳрум бўлган.

Кўплаб фермер хўжаликлари расмий иш ҳақи тўламайди, экспорт қилмайди ва ҳисобот тақдим этмайди. Йиғилишда бундай хўжаликлар фаолиятига доир ўнлаб мисоллар келтирилди. 

Туманда картошка етиштириш охирги икки йилда кескин қисқариб кетган, помидор ҳосилини ҳам “яшириш” авжида. Ҳолбуки, бозорлар  Паркент помидорига тўла.  Амалда 9 минг тонна маҳсулот етиштирилган, лекин, ҳисоботларда фақат 361 тоннаси кўрсатилган, холос.  

Экспорт ва қайта ишлаш корхоналари билан шартномалар тузилмаган,  савдо асосан нақд пулда амалга оширилган. 20 та ердан фойдаланувчи томонидан 22 та контурда 0,6 гектар ер ноқонуний эгаллаб олинган, 0,33 гектарида ноқонуний қурилишлар барпо этилган.

Боғ ва далаларни сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш ишлари ҳам ўз ҳолида қолиб келмоқда.  “Ақлли сув” қурилмаларининг 3 таси ишламайди. Сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳоллари кўпаймоқда. Ирригация тизимларининг катта қисми тозаланмаган, бетонлаш ишлари режаси 14-15 фоизга бажарилган, холос.

Туманда 1 минг 428 та хўжалик учун зарур техникаларнинг 80 фоизи йўқ. Боғ ва ток қатор ораларига ишлов бериш учун 3 мингдан ортиқ мини тракторга эҳтиёж бўлса-да, охирги 5 йилда техникалар хариди деярли амалга оширилмаган.

Қишлоқ хўжалиги экспорти бўйича ҳам паркентлик фермерларда яхши ташаббуслар, амалий натижалар кўринмаяпти. Текширув натижалари туманда шошилинч чоралар кўришни,  қатъий назорат ва фаолиятсиз хўжаликларни қайта ташкил этиш зарурлигини тақозо этади. Шу боис, вилоят ҳокими вазиятни қисқа фурсатда ўнглаш, яқин истиқболда Паркентнинг аграр соҳадаги довруғини тиклаш бўйича мутасаддиларга қатор топшириқлар, тавсия ва маслаҳатлар берди. 

Мулоқотда хўжалик раҳбарларига ҳам сўз берилиб, мавжуд вазиятга изоҳ сўралди, муаммо ва масалалар бўлса, уларга ҳар тарафлама кўмак кўрсатиш бўйича ишчи гуруҳга вазифалар юкланди.

А.Мусаев, ЎзА.