Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиши, илм-фан, тадбиркорлик, умуман, барча соҳаларда ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиб юксак марраларга эришаётган опа-сингилларимиз сафи эса тобора ортиб бормоқда.
Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари Умидахон Эгамова ҳам кўплаб ютуқларга эришаётган замондошларимиздан бири ҳисобланади.
Оддий қишлоқ оиласида вояга етган Умидахон Эгамова ёшлигидан меҳнат билан ўсди. Ўқишдан бўш вақтларида томорқасида, далада ишлаб, ерга, деҳқончиликка меҳр қўйди. Отаси Эркинжон акадан: “Ер инсонларни, эл-юртни боқадиган бебаҳо неъмат, ким ана шу неъматни қадрласа, ризқи бекам бўлади” деган гапларни кўп эшитган. Шу боис ҳам ерга, деҳқончиликка ўзгача меҳр қўйган.
У ўзи туғилиб ўсган Избоскан тумани Жонобод қишлоғидаги 9-умумтаълим мактабини олтин медаль билан тамомлаб, Андижон давлат университетининг химия-биология йўналишига ўқишга кирди. Олий маълумот олиб, меҳнат фаолиятини тумандаги 14-касб-ҳунар лицейида ўқитувчиликдан бошлади. Лекин деҳқончиликка бўлган меҳр, ҳавас уни қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлашга ундар эди.
Лицейда бир йилгина ишлаган Умидахон ўзи ёқтирган – қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлашни аҳд қилди. Отаси билан маслаҳатлашиб, унинг розилиги билан 1996 йилда Олтинкўл туманидаги “Орзу” фермер хўжалигига агроном бўлиб ишга кирди.
Хўжаликда ишлаб, тажрибали деҳқонлардан деҳқончиликнинг сир-асрорларини, ер билан тиллашишни ўрганди. Кейинроқ эса Олтинкўл тумани давлат санитария эпидемиология назорати маркази энтомолог-агрономи вазифасида ишлаб бу борадаги тажрибасини янада бойитди.
2006 йилда Умидахон Эгамова “Кўҳна водий гавҳари” деб номланган фермер хўжалигини ташкил этди. Хўжалик раҳбари сифатида мустақил фаолият юрита бошлади. Ана шу аснода Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида ҳам сиртдан таҳсил олди.
Асосан пахта ва ғалла етиштиришга ихтисослашган ушбу хўжалик йиллар давомида ҳар икки йўналишда белгиланган режаларни нафақат туманда, балки вилоятда биринчилардан бўлиб бажариб келди.
Жорий йилда хўжалик 45 гектар ер майдонида пахта, 35 гектар майдонда ғалла етиштириб, юқори ҳосил олишга эришди. Эришилган натижалардан хўжалик ва унинг аъзолари яхшигина даромад олди.
– Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш, иқтисодий самарадорликни ошириш мақсадида фермер хўжаликларини кўп тармоқли хўжаликларга айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди фермер Умидахон Эгамова. – Ана шу ташаббусдан руҳланиб биз ҳам фаолиятимиз йўналишларини кенгайтирдик. Мевали боғ, иссиқхона ташкил этдик, чорва ҳайвонлари ва парранда боқишни йўлга қўйдик.
[gallery-20963]
Ҳозирда хўжаликнинг 10 гектар мевали боғи, 10 сотихга яқин майдонда иссиқхонаси мавжуд. Ёз мавсумида боғда етиштирилган мазали олма, ўрик, шафтоли сингари турли мевалар харидорларга етказиб берилади. Иссиқхонада етиштирилган сархил бодринг, помидори эса қиш, эрта баҳорда бозорлар кўркига айланади. Бундан ташқари, хўжаликда 30 бош қорамол, 20 бош қўй, юздан ортиқ парранда боқилмоқда, 20 та яшикда асалари парваришланмоқда. Ана шу йўналишларда иш ташкил этилиши ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратилди.
– Қачонки деҳқоннинг иш қуроли соз бўлса, ютуқлари ортиб бораверади, – дейди фермер. – Шу маънода хўжалигимиз қатор қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилган. Ҳайдов, чопиқ тракторларимиз мавжуд, бу йил эса лизинг асосида 3,5 миллиард сўмга “Баширан” русумли пахта териш машинасини сотиб олдик. Мавжуд техникалар ишимизни анча енгиллаштирмоқда. Айниқса, бу йил етиштирилган ҳосилни пахта териш машинасида териш ҳисобига, биринчи теримдаёқ режани ортиғи билан бажардик. Қолаверса, харажатларимиз анча камайди.
Умидахон Эгамова фермер сифатида дунёнинг қатор хорижий давлатларида бўлиб, деҳқончилик, фермерлик борасидаги илғор тажрибаларни ўрганиб қайтган. У бугунги кунда ана шу тажрибаларни амалиётга муваффақиятли татбиқ этмоқда.
Жорий йилда сувдан оқилона фойдаланиш мақсадида хўжаликда сув тежамкор технологияларнинг жорий этилганлиги, яъни қатор маҳсулотлар томчилатиб суғориш технологияси асосида етиштирилганлиги нафақат сувни тежаш, балки ҳосилдорликни ошириш ва эрта етиштириш имконини берди.
Тажрибали фермер Умидахон Эгамова жамиятдаги ижтимоий-сиёсий жараёнларда, жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. У Олтинкўл туманидаги “Туркистон” массиви раҳбари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг фаол аъзоси, қолаверса, халқ депутатлари туман кенгаши депутати сифатида жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш, пировардида камбағалликни қисқартириш, ҳамқишлоқлари турмуш фаровонлигини ошириш борасида ҳам эътиборга молик ишларни олиб бормоқда.
Жумладан, унинг саъй-ҳаракати билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида куз мавсумида дала четларига, йўл бўйларига, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонларига мевали дарахт ва узум кўчатлари экилди. Сувюлдуз, Иттифоқ маҳаллаларидаги “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларга деҳқончилик қилиш учун ер майдонлари ажратиб берилди.
Тажрибали, ташаббускор фермер жорий йилда ЎзЛиДеП томонидан ўтказилган “Тадбиркор аёл” танловининг республика босқичида “Энг яхши фермер” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди. Қатор-қатор ютуқларга эришаётган опанинг самарали меҳнатлари муносиб эътирофини топган. У “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 15, 20, 25, 30 йиллик” кўкрак нишонлари, шунингдек, 2023 йилда “Илғор фермер” нишони билан тақдирланган.
Умидахон Эгамова нафақат фермер, балки кўплар ҳавас қиладиган ибратли оиланинг бекаси сифатида ҳам ҳурмат-эътибор топган. У турмуш ўртоғи Ҳакимжон Йўлдошев билан уч нафар фарзандини эл-юрт корига асқатадиган инсонлар қилиб вояга етказди.
– Бугун ҳаётни кузатиб, юртимизда тадбиркорларга, хотин-қизларга берилаётган кенг имкониятларни ҳар қадамда ҳис этаман, – дейди Умидахон Эгамова. – Айниқса, тадбиркорлик қиламан, янги иш ўринлари яратаман деган одамга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Уни ҳамма, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
Шу ўринда мен ҳам фермер бўлиб, тадбиркорлик қилиб кам бўлмадим. Эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топдим. Оилам тинч, топаётган даромадим ёмон эмас. Энг асосийси, одамларга, юртимга фойдам тегяпти. Аёл киши, айниқса, ўзбек аёли учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (фото) мухбирлари