Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фермер аёлнинг шукронаси
11:20 / 2016-02-25

Қаршилик фермер Шоира Турсунова ўтган йили ўз боғида етиштирилган олма, ўрик, қовун-тарвузларни экспорт қилди.

Қаршилик фермер Шоира Турсунова ўтган йили ўз боғида етиштирилган олма, ўрик, қовун-тарвузларни экспорт қилди.

Ерга, чорвага меҳр қўйиб, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, хўжаликни бошқараётган фермерлар мамлакатимиз иқтисодиётининг таянчига айланмоқда. Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олган, қишлоқ хўжалиги соҳасида катта тажрибага эга Шоира Турсунова ана шундай юртдошларимиздан бири. У 1993 йилда “Ҳасан ота” фермер хўжалигини ташкил этганида аёл боши билан нима қила олади, деганлар ҳам бўлди. Ўтган йиллар давомида у юртимиз аёллари нималарга қодирлигини ўз фаолияти мисолида намоён этди.

– Мамлакатимизда ҳалол ишлайман, ўз бизнесимни ташкил қилиб, фойда кўраман, бошқаларга ҳам нафим тегади, деган инсонлар учун барча шароит яратилган, – дейди Шоира опа. – Бундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, астойдил меҳнат қилган одам мақсадига етади. Ўзимдан қиёс: 1993 йилда 5 гектар ер ва 10 бош қорамол билан фаолият бошлаган эдим. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида фермерлар қўллаб-қувватланаётгани, тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ёрдамида хўжалигимиз ишини йўлга қўйдик. Бугунги кунда элликдан зиёд қорамол, 20 мингдан ортиқ парранда парваришлаб, 35 гектар майдонда чорва учун озуқа етиштирмоқдамиз. Балиқчиликни йўлга қўйиб, иссиқхона барпо этдик.

Қирқдан зиёд иш ўрни яратилган “Ҳасан ота” фермер хўжалигида 2009 йилдан буён паррандачилик ривожлантирилмоқда. Ер майдони етарли, озуқа захираси мўл, наслчилик ишлари тўғри йўлга қўйилган. Паррандаларнинг сони ҳам, маҳсулдорлиги ҳам йил сайин ортмоқда.

– Паррандачилик – етти хазинанинг бири, – дейди фермер. – Аҳоли дастурхони учун кунига тўрт минг дона атрофида тухум етказиб бераётирмиз. Тажрибадан билдимки, парранда боқиб даромад олиш учун қизиқишнинг ўзи етарли эмас экан. Аввало, соҳа сирларини ўзлаштириб, маҳорат тўплаш, янги-янги технология ва усулларни ўрганиш зарур экан. Жўжаларни бир кунлигидан эмлашни бошлаймиз. Жайдари зотлар ҳар икки кунда тухум берса-да узоқ, яъни 7-8 йил яшайди. Уларни табиий усулда – 3 гектар очиқ майдонда боқамиз.

Ташаббус, ҳаракат бор жойда, ривожланиш, юксалиш бўлади. Жамоа ташкил этиб, бошқаларга йўл-йўриқ кўрсатиш, югуриб-елиш осон эмас. Ҳар бир инсон меҳнат қилар экан, унинг роҳатини кўришга, ўзига билдирилган ишончни оқлашга интилади. Шоира опа ҳам хўжалик аъзоларининг рўзғори тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида меҳнат қилади. Тинимсиз изланиш ва аниқ мақсад сари қўйилган қадам самарасида хўжалик кўп тармоқлига айланиб, 2013 йилда тикув цехи очилди. 22 хотин-қиз иш билан таъминланди.

“Агробанк”нинг Қашқадарё вилояти филиалидан олинган кредит эвазига ўндан зиёд тикув машинаси харид қилди. Ҳозир хотин-қизлар учун турли бичимдаги либослар, кўрпа-тўшаклар ва бошқа маҳсулотлар буюртма асосида истеъмолчиларга етказиб берилмоқда.

Шоира опа эришаётган муваффақиятларининг омилини тинимсиз изланиш ва интилишда, Президентимиз томонидан хотин-қизларга қаратилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликда, деб билади.

– Хонадонимиз тинчлиги, фарзандларим иқболини кўриб, кўнглимдаги шукроналик янада ортади, – дейди Шоира опа. – Турмуш ўртоғим, беш фарзандим турли соҳаларда ишласа-да, менга маслаҳатгўй. Бир вақтлар оддий қишлоқ аёли мулк эгаси бўлиб, бундай кўламдор ишларни амалга ошира олишини тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Ҳозир аёлларимизга фарзанд тарбияси ва уй-рўзғор юмушларидан ажралмаган ҳолда оилада, жамиятда ўз ўрнини янада мустаҳкамлаши учун қилинаётган ғамхўрликлар кучимизга куч қўшади, оила ва жамият равнақига дахлдорлик ҳисси билан яшашга, изланиш ва интилишга ундайди.

Шу кунларда Шоира опанинг қўли-қўлига тегмайди. У чорва молларини кўпайтириш, меваларни қайта ишлаш ва экспортни ривожлантириш мақсадида тиним билмайди. Қатъиятли бу аёл амалга оширган ишларни кўриб, янги режалари ҳам рўёбга чиқишига ишонамиз.